Ўзбекистонда Хусусийлаштириш муаммоларини тадқиқ қилиш маркази ташкил қилинмоқда
Тошкент. 26 декабр. ЎзТАГ – Хусусийлаштирилаётган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳузурида Хусусийлаштириш, рақобатни ривожлантириш ва корпоратив бошқарув муаммоларини тадқиқ этиш маркази ташкил этилди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Бу Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 22 декабрдаги 1012-сонли қарори билан кўзда тутилган.
Марказ иккита муассаса – Хусусийлаштириш муаммоларини тадқиқ этиш, корпоратив бошқарув ва қимматли қоғозлар бозорини ривожлантириш маркази ва Монополияга қарши сиёсатни такомиллаштириш марказини бирлаштириш орқали ташкил қилинди.
Марказнинг асосий вазифалари орасида янги иш жойларини яратиш, ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш, ишлаб чиқаришни модернизация қилиш ва рақобатбардош маҳсулотларни яратиш мақсадида хусусийлаштирилган корхоналарни ривожлантириш бўйича илмий-услубий базани шакллантириш кабилар бор.
Марказ давлат муассасаси шаклидаги юридик шахс бўлиб, унинг таркибида қарийб 40 нафар мутахассис мавжуд. Улар давлат ва хўжалик бошқаруви органларига ахборот ва таҳлилий маъруза ва ҳисоботлар тақдим этадилар.
Ҳужжат 2017 йил 23 декабрда кучга кирди.
Сурат манбаи: http://www.thejournal.ie/special-care-unit-hiqa-2302413-Aug2015/