Ўзбекистонда Кичик тадбиркорликни ривожлантириш кафолат фонди ташкил этилди

Дата: 18:53, 16-02-2017.

Тошкент. 16 феврал. ЎзТАГ – Ўзбекистонда Кичик тадбиркорликни ривожлантириш кафолат фонди ташкил этилди, деб хабар беради чоршанба куни Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Мазкур фонднинг асосий таъсисчилари Ўзбекистон Республикасининг Давлат рақобат қўмитаси, Ўзбекистон Банклари Ассоциацияси, Савдо-саноат палатаси, шунингдек бир қатор йирик банклар ва суғурта компанияларидир.

“Кафолат фонди республикада яратилган қулай бизнес муҳитини янада яхшилаш ҳамда тадбиркорликни жадал ривожлантириш мақсадида тузилган”, - деб таъкидлашди Давлат рақобат қўмитаси ахборот хизматида.

Давлат рақобат қўмитаси мутахассисларининг фикрига кўра, ҳозирда кичик тадбиркорлик субъектлари томонидан банк кредитини олишда мавжуд бўлган асосий қийинчиликлардан бири бу гаров таъминотини етарли даражада таъминлаш бўлиб, бу ҳол айрим тадбиркорлар учун банк кредитларидан фойдаланиш имкониятини чекламоқда.

Кафолат фонди тадбиркорларга ушбу масалада яқиндан ёрдам бериши кўзда тутилган. Фонд кичик тадбиркорлик субъектларига бериладиган, умумий суммаси $100 минг эквивалентидан ошмайдиган банк кредитларининг гаров билан таъминланмаган қисми учун, кредитнинг 50%гача таъминот ажратади.

Кафолат фонди бундан ташқари кичик тадбиркорлик субъектларига банкдан кредит олиш бўйича маслаҳатлар беради ҳамда юқори технологик ва инновацион ишлаб чиқаришларни йўлга қўйишда кўмаклашади.

Янгилик билан ўртоқлашиш: