Ўзбекистонда китоб дўконлари орасида танлов эълон қилинди
Тошкент. 10 март. ЎзТАГ – Март-май ойларида Ўзбекистонда “Намунали китоб дўкони” номли танлов бўлиб ўтади. Унинг ғолиблари 2014 йилнинг 22-23 май кунлари пойтахтда бўлиб ўтадиган Республика китоб байрами доирасида тақдирланадилар, дея хабар бермоқда Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Танлов ғолиби савдо маданияти, касбий маҳорати, дўконнинг ташқи ва ички кўриниши, китоблар ассортименти, болалар китоблари мавжудлиги каби меъёрлардан келиб чиқиб баҳоланади.
Шунингдек, танлов ғолибларини аниқлашда сотиб олинган китобларнинг электрон вариантларини ҳам ҳаридга қўшиш имкониятининг мавжудлиги, доимий мижозларга бонусларни борлиги кабилар ҳам ҳисобга олинади.
Танлов Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги, Республика Маънавият ва тарғибот маркази, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси “Ўздавкитобсавдотаъминот” компанияси томонидан ташкил этилган.


