Ўзбекистонда коллежларга фақат 11 синфдан кейин қабул қилинади
Тошкент. 26 январ. ЎзТАГ – Эндиликда Ўзбекистонда коллежларга фақат 11 синфдан кейин қабул қилинади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Бу Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил 25 январдаги “Умумий ўрта, ўрта махсус ва касб-ҳунар таълими тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони билан кўзда тутилган. Фармон билан яқин йилларда мамалакатда умумий ўрта ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими ривожланиш чоралари белгилаб берилган.
Хусусан, ҳужжатга мувофиқ, 2018/2019 ўқув йилидан бошлаб мажбурий умумий ўрта таълим узлуксиз 11 йиллик ўқиш асосида амалга оширилади.
2019/2020 ўқув йилидан бошлаб касб-ҳунар коллежларига ўқишга қабул қилиш умумтаълим мактабларининг 11-синфлари битирувчилари ҳисобидан, ихтиёрийлик асосида, тегишли мутахассисликка (касбга) эга бўлиш учун 6 ойдан 2 йилгача бўлган ўқитиш муддатларида амалга оширилади.
Ҳужжатга мувофиқ, кадрларга бўлган мавжуд реал эҳтиёжни инобатга олиб касб-ҳунар коллежларини тармоқ бўйсунуви асосида тегишли вазирликлар, идоралар, хўжалик бирлашмалари, тижорат банклари ва йирик корхоналар тасарруфига ўтказилади.
Сурат манбаи: https://proufu.ru/news/society/novyy_predmet_semevedenie_predlozhili_vvesti_v_shkolakh_bashkirii/