Ўзбекистонда компьютер дастурларини экспорт қилиш ЯИДХП орқали рўйхатга олинади
Тошкент. 2 феврал. ЎзТАГ – Ўзбекистонда компьютер дастурларини экспорт қилиш Ягона интерактив давлат хизматлари портали (ЯИДХП) орқали рўйхатга олинади, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Бунга доир маълумотлар Norma.uz сайтида маълум қилинди.
Дастурий таъминот экспорт ва импортига доир ушбу ўзгартиришлар Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари давлат қўмитаси, Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги, Давлат божхона қўмитаси ва Марказий банк бошқарувининг қўшма қарори билан киритилди.
Эндиликда дастурий таъминотни онлайн дўконлар орқали хорижий валютага экспорт шартномасисиз сотувчи Миллий реестрга киритилган маҳаллий дастурий таъминот ишлаб чиқарувчилари шартнома ҳақидаги маълумотларни ЯИДХПнинг Ягона ташқи савдо операциялари электрон ахборот тизимига электрон имзодан фойдаланган ҳолда киритадилар.
Эслатиб ўтамизки, илгари Ўзбекистон ҳукумати ўзининг 2014 йил 21 июлдаги қарори билан экспорт шартномаларини хизмат кўрсатувчи банкларда рўйхатга қўйиш тартибини бекор қилган эди. Илгари ишлаб чиқарувчилар хизмат кўрсатувчи ваколатли банкка кўрсатилган битимни рўйхатга олиш ҳақида ариза топширар эдилар.