Ўзбекистонда корхоналар раҳбарлари соҳада импорт ҳажми ошгани учун лавозимидан бўшатилиши мумкин

Дата: 18:07, 20-04-2017.

Тошкент. 20 апрел. ЎзТАГ – Ўзбекистонда корхоналар раҳбарлари мамлакатда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар, хом-ашё ва материалларни хориждан олиб келиш ҳажмининг ўсиши, шунингдек, асоссиз импорт учун валюта ресурсларини жалб қилгани учун эгаллаб турган лавозимидан бўшатилиши мумкин, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Бу ҳақида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида 19 апрелда ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштиришни чуқурлаштириш ва саноат кооперациясини кенгайтириш ҳисобидан импорт ҳажми ва турларини мақбуллаштириш, шунингдек, экспорт прогноз кўрсаткичларининг сўзсиз бажарилиши ва экспорт ҳажмини янада кўпайтириш мақсадида мавжуд имкониятларни тўлиқ ишга солиш учун барча даражадаги раҳбарларнинг шахсий жавобгарлигини кучайтиришга бағишланган видеоселектор йиғилишида гапирилди.

Йиғилишда тайёр маҳсулотлар турлари, бутловчи буюмлар ва материаллар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш бўйича қабул қилинган дастурларни амалга ошириш доирасида қиймати $5,5 млрддан ортиқ 2,8 мингдан кўпроқ маҳаллийлаштириш лойиҳаси ҳаётга татбиқ этилгани, илгари хориждан олиб келинган 4,8 мингдан зиёд янги маҳсулотлар турларини ишлаб чиқариш ўзлаштирилгани таъкидланди. Натижада кейинги беш йилда импорт ҳажми $752 млнга, жумладан, 2016 йилда 286 миллион долларга камайгани таъкидланди.

“Қайд этилган компаниялар ва хўжалик бирлашмалари раҳбарлари импорт ҳажми, айниқса, мамлакатимизда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар, хом-ашё ва материалларни хориждан олиб келиш ҳажмининг ўсиши, шунингдек, асоссиз импорт учун валюта ресурсларини жалб қилгани учун уларга нисбатан қатъий жавобгарлик чоралари қўлланилиши, ҳатто, эгаллаб турган лавозимига лойиқ ёки нолойиқлиги тўғрисидаги масала кўриб чиқилиши ҳақида огоҳлантирилди”, - дейилади Ўзбекистон Президентининг матбуот хизмати хабарида.

Янгилик билан ўртоқлашиш: