Ўзбекистонда коррупция қонунбазарликлари ҳақида хабар қилган шахсларнинг давлат муҳофазаси жорий қилинди
Тошкент. 9 январ. ЎзТАГ – Ўзбекистонда коррупция қонунбазарликлари ҳақида хабар қилган шахсларнинг давлат муҳофазаси жорий қилинди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Бу Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев томонидан 3 январ куни имзоланган “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги қонуннда кўзда тутилган.
Хусусан, қонун давлат органларининг ходимлари уларни коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар содир этишга кўндириш мақсадида бирор-бир шахс ўзларига мурожаат этганлигига доир барча ҳоллар тўғрисида, шунингдек давлат органларининг бошқа ходимлари томонидан содир этилган шунга ўхшаш ҳуқуқбузарликларнинг ўзларига маълум бўлиб қолган ҳар қандай фактлари ҳақида ўз раҳбарини ёхуд ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларни хабардор этиши шартлигини кўзда тутади. Бунга амал қилмаслик, қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгарликка тортилишга олиб келади.
Хужжатда “коррупция”, “коррупцияга оид ҳуқуқбузарлик” ва “манфаатлар тўқнашуви” тушунчалари аниқлаштирилган.
Давлат бошқаруви соҳасида коррупциянинг олдини олишга доир чора-тадбирлар қаторида давлат органлари фаолиятининг очиқлигини ва уларнинг ҳисобдорлигини таъминлаш, коррупцияга қарши курашиш соҳасида давлат органларининг фаолияти устидан парламент ва жамоатчилик назоратини амалга ошириш, давлат органларининг мансабдор шахслари ва бошқа ходимлари томонидан ўз мансаб ёки хизмат мажбуриятларининг бажарилиши самарадорлиги мезонларини, стандартларини ва унинг сифатини баҳолаш тизимларини жорий этиш кабилар санаб ўтилган.
Қонунда халқаро шартномага мувофиқ коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги Ўзбекистон қонун хужжатларида кўзда тутилганидан бошқа қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартномалар қоидалари қўлланиши кўрсатилган.


