Ўзбекистонда коррупцияга қарши чоралар самарадорлигини ошириш учун IACA тажрибасидан фойдаланилади
Тошкент. 19 июн. ЎзТАГ – Ўзбекистонда коррупцияга қарши чоралар самарадорлигини ошириш учун International Anti-Corruption Academy (IACA) тажрибасидан фойдаланилади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Хусусан, бу ҳақида Вена шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси делегациясининг Ҳалқаро антикоррупция академияси ректори Мартин Кройтнер билан учрашувида сўз борди.
“М. Кройтнер Ўзбекистонда ушбу соҳада олиб борилаётган ислоҳотларни қўллаб-қувватлашини таъкидлаб, коррупцияга қарши курашиш самарадорлигини ошириш мақсадида Академиянинг зарурий экспертлик салоҳиятини сафарбар қилишга тайёр эканлигини айтиб ўтди”, - дейилади ЎзР Бош прокуратурасининг хабарида.
Қайд этилишича, Халқаро антикоррупция академияси раҳбарига республикада корруцияга қарши курашиш, унинг даражасини минималлаштириш, давлат ва жамият ҳаётидаги коррупциоген омилларни бартараф этиш бўйича олиб борилаётган ишлар ҳақида маълумот берилди.
Хусусан, 2017 йилда президент ташаббуси билан қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг “Коррупцияга қарши кураш тўғрисида”ги Қонуни ва 2017-2018 йилларда коррупцияга қарши курашиш бўйича давлат дастурига алоҳида эътибор қаратилди.
Бундан ташқари, Халқаро-ҳуқуқий нуқтаи назардан БМТ коррупцияга карши курашиш Конвенцияси ва ИХТТ Истамбул ҳаракатлар режасининг тавсияларини имплементация қилиш, жиноят ишларини тергов қилиш ва активларни қайтариш бўйича олиб борилган ишлар борасида айтиб ўтилди.
“Учрашув якунида Академия раҳбари келгусида ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилиш ҳамда олиб борилаётган ислоҳотлар билан танишиш мақсадида Ўзбекистон Республикасига таклиф этилди”, - деб хулоса қилинади хабарга.
Сурат манбаи: http://www.fcpablog.com/blog/tag/vienna