Ўзбекистонда Космик тадқиқотлар ва технологиялар агентлиги ташкил этилмоқда

Дата: 17:02, 31-10-2018.

Тошкент. 31 октябр. ЎзТАГ – Ўзбекистонда Космик тадқиқотлар ва технологиялар агентлиги ташкил этилмоқда, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Космик тадқиқотлар ва технологиялар агентлиги ўз фаолиятини бошқа давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, жойлардаги давлат ҳокимияти органларидан мустақил амалга оширади ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига бўйсунади”, - дейилади ҳукуматнинг “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Космик тадқиқотлар ва технологиялар агентлиги тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарори лойиҳаси матнида.

Шу билан бирга, “Ўзбеккосмос” агентлигига унга юклатилган вазифаларни бажариш доирасида жалб этилаётган юқори малакали мутахассисларнинг ойлик маошлари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси билан келишилган ҳолда белгиланади ва “Ўзбеккосмос” агентлигининг Космик саноатни ривожлантириш жамғармаси ҳисобидан тўланади.

Бундан ташқари, “Ўзбеккосмос” агентлиги ходимлари меҳнатга ҳақ тўлаш шартлари бўйича вазирлик ва муассасалар марказий аппарати ходимларига тенглаштирилади, ижтимоий-маиший ва тиббий хизмат шартлари бўйича – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси аппарати ходимларига тенглаштирилади.

Эслатиб ўтамизки, қарор лойиҳаси ҚХМҚ порталига 2018 йил 30 октябрда жойлаштирилган бўлиб, унинг муҳокамаси жорий йил 14 ноябргача давом этади.

Сурат манбаи: https://ru.sputnik-tj.com

Янгилик билан ўртоқлашиш: