Ўзбекистонда крикет федерацияси ва мақом илмий-тадқиқот маркази рўйхатдан ўтказилди

Дата: 10:37, 09-12-2019.

Тошкент. 9 декабрь. ЎзТАГ – Ўзбекистонда крикет федерацияси ва мақом илмий-тадқиқот маркази рўйхатдан ўтказилди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

"Адлия вазирлиги Ўзбекистон крикет федерациясини ва "Мақом мактаби" илмий-тадқиқот марказини рўйхатдан ўтказди", - дейилади Адлия вазирлиги матбуот хизмати хабарида.

Таъкидланганидек, федерациянинг асосий мақсади крикетни спорт тури сифатида оммалаштириш ва ривожлантириш, унинг мақомини ҳар томонлама ошириш, аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб этишдан иборат.

Марказнинг асосий мақсади – Ўзбекистонда мақом санъатини янада ривожлантириш, замон талабларига мос репертуарни шакллантириш, мақом ижрочиларининг ижодий салоҳиятини рўёбга чиқариш учун шароит ва кенг имкониятлар яратишдир.

Маълумот учун: Крикет – тўп ва чиллак билан ўйналадиган жамоавий спорт ўйини. У Осиё, Буюк Британия, Австралия, Янги Зеландияда машҳур. Крикет 16 асрда Англия жанубида пайдо бўлди.

Мақом – ўзбек-тожик профессионал мусиқа оғзаки анъаналарининг асосий тури (жанри). Мақомнинг асосий мусиқа асбоблари – бу мусиқий ва ритмик тамойилларни бир-бирига мураккаб боғлаш орқали композициянинг шаклини ташкил этадиган чертиб чалинадиган торли танбур ва дойрадир.

Сурат манбаи: minjust.uz

Янгилик билан ўртоқлашиш: