Ўзбекистонда курьерлик хизматлари орқали амалга ошириладиган онлайн савдога бож солинади

Дата: 16:09, 13-01-2015.

Тошкент. 13 январ. ЎзТАГ – Ўзбекистонда онлайн дўконлар орқали сотиб олиниб, халқаро курьерлик хизматлари орқали етказиб бериладиган товарларга улар қийматидан қатъи назар импорт божи солинади, дейилади Давлат божхона қўмитаси (ДБҚ) расмий сайтида эълон қилинган хабарда.

“Товарларни олиб келишнинг имтиёзли тартиби фақат жисмоний шахслар манзилларига халқаро почта жўнатмаларига таалуқли. Қолган барча киритмалар (шу жумладан, курьерлик жўнатмалари) божхона тўловлари бўйича имтиёзларни қўлламаган ҳолда расмийлаштирилади”, - дейилади ДБҚ хабарида.

Қонунчиликка мувофиқ, почта жўнатмалари орқали Ўзбекистонга олиб келинаётган қиймати $1 мингдан кам бўлган импорттоварлар божхона божлари ва йиғимларига тортилмайди.

Эслатиб ўтамизки, ўтган ҳафтада Ўзбекистонда жисмоний шахслар томонидан халқаро курьерлик компаниялари орқали хориждан олиб келинаётган товарларни бериш тўхтатиб қўйилди. Хусусан, халқаро курьерлик компаниялари ДБҚ ходимларидан уларнинг фаолияти почта жўнатмалари бўйича имтиёзли тартибга тушмаслиги ҳақида оғзаки баённома олдилар.

Онлайн дўконлар орқали импорт товарлар сотиб олиш Ўзбекистонда кейинги 3 йилда урф бўлди. Республикада интернет-савдо билан шуғуллунувчи 10 оператор фаолият юритади. Уларнинг йиллик савдо айланмаси, турли баҳоларга кўра, $20 млндан $50 млнгачани ташкил этади.

Янгилик билан ўртоқлашиш: