Ўзбекистонда куйдирги тарқагани ҳақидаги хабарлар рад этилди
Тошкент. 5 август. ЎзТАГ – Ўзбекистон қишлоқ ва сув хўжалигининг Давлат ветеринария бош бошқармасида қатор хорижий ОАВ гўё Самарқанд вилоятида 19 киши куйдиргига гумон қилиниб касалхонага ётқизилгани ҳақидаги хабарларини рад қилди, деб хабар беради 12news.uz нашри.
“Ушбу маълумот ҳақиқатга мос эмас. Самарқанд вилоятида, мамлакатнинг бошқа вилоятларида куйдирги белгиларига эга беморлар йўқ”, – деди Давлат ветеринария бош бошқармаси бошлиғи Норқобулов.
Шунингдек, у жорий йилда эпизоотияга қарши профилактик тадбирлар натижасида бугунги кунда фермер, деҳқон хўжаликларида мавжуд ҳайвонларда тўлиқ куйдирги касаллигига қарши иммунитет фони яратилганини айтиб ўтди.
Шунингдек, Норқобулов бугунги кунда давлат ветеринария хизматида етарли миқдорда куйдирги касаллигига қарши эмламалар заҳираси мавжудгигига эътибор қаратди.
Бундан ташқари, куйдирги касаллигининг мавжуд тупроқ ўчоқларидан мунтазам равишда тупроқ намуналари олиниб, лаборатория текширувлари ўтказилмоқда, касаллик ўчоқларининг ҳолати доимий назоратга олинган. Чорва ҳайвонларини фақатгина қушхона ва махсус сўйиш майдончаларида ветеринария врачининг назорати остида сўйиш бўйича аҳоли орасида тушунтириш ва ташвиқот ишлари олиб борилмоқда.
Шу билан бирга, у ёзда иссиқ туфайли чорва моллари орасида турли юқумли касалликлар тарқалиш ҳавфи кучайишини ҳам таъкидлади.
Шу билан бирга, бошқарманинг ҳудудий бўлинмалари томонидан профилактика тадбирларлари кучайтирилди.
“Натижада четдан республикамиз ҳудудига инсонлар ва ҳайвонлар учун умумий бўлган ўта хавфли юқумли касалликлар, хусусан куйдирги касаллигининг кириб келиши ва табиий ўчоқлардан тарқалишини олди олиниб, республикада барқарор эпизоотик эпидемиологик вазият сақланмоқда”, – деб таъкидлади Норқобулов.