Ўзбекистонда қўлда терилган пахта учун тўланадиган ҳақ деярли 2 бараварга оширилди

Дата: 15:33, 26-09-2017.

Тошкент. 26 сентябр. ЎзТАГ – Ўзбекистонда қўлда терилган пахта учун тўланадиган ҳақ деярли 2 бараварга оширилди: агар ўтган йилда 1 кг пахта учун 285 сўм берилган бўлса, жорий йил 1 октябрдан 500 сўмдан тўланади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Ҳукуматнинг 14 сентябрдаги “2017 йилги пахта хом ашё ҳосилини харид қилиш нархлари тўғрисида”ги қарорида таъкидланишича, 2017 йилги пахта хом ашёсини қўлда терганлик учун меҳнатга тўлов бўйича 1 кг га 450 сўм этиб белгиланган тариф ставкаси 1 октябрдан 500 сўмни ташкил этади.

Хусусан, пахтанинг машина терими учун 1 тоннага 260 минг сўмлик тариф белгиланган.

Шу билан бирга, фермер хўжаликларига теримчиларга ҳар беш кунда, зарурат туғилганда эса – ҳар куни топширилган пахта хом ашёси учун тўловларни амалга ошириб бориш тавсия этилди.

Қарорда хабар қилинишича, пахтани ташкиллашган ҳолда териш учун жойларда энг камида 100 кишидан иборат теримчилар отрядлари ташкил этилмоқда.

Отрядлар раҳбарлари пахта терими даврида “Ўзпахтасаноат” компанияси пахта тозалаш ташкилотлари билан фуқаролик-ҳуқуқий шартномалар асосида ишга қабул қилинмоқда. Отрядлар раҳбарларига иш ҳақини ўз вақтида тўлаш учун “Агробанк”ка 45 млрд сўм миқдорда кредитлар ажратиш топширилган.

Олдин хабар берганимиз каби, 22 сентябрда пахта теримига жалб қилинган ОТМлар талабалари ҳамда таълим ва тиббиёт муассасалари ходимлари ўқиш ва иш жойларига қайтарилган эди.

Янгилик билан ўртоқлашиш: