Ўзбекистонда лицензияланган автотранспорт воситаларининг фақат учдан бири суғурта қилинган

Дата: 16:12, 17-03-2018.

Тошкент. 17 март. ЎзТАГ – Ўзбекистонда лицензияланган автотранспорт воситаларининг фақат учдан бири суғурта қилинган, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“Ўтказилган назорат-таҳлил ўрганишлари якунларига кўра, 2018 йилнинг 1 январь ҳолатига республика бўйича йўловчиларни ташувчи лицензиланган автотранспорт воситалари 74025 тани ташкил этади. Лицензиланган автотранспорт воситаларининг умумий сонидан атиги 22010 таси, яъни 30 фоизи суғурталанган. Ушбу кўрсаткич Қонун талабларининг тўлиқ ижро этилмаётганлигини намойиш этмоқда ҳамда кўтарилаётган муаммонинг долзарблигини яна бир бор тасдиқламоқда”, - дейилади Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Ахборот хизмати хабарида.

Шу сабабли мамлакатда “Ташувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. У Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси томонидан биринчи ўқишда қабул қилинди.

Қуйи палата маълумотига кўра, бу ўзртишларнинг мақсади барча йўловчилар манфаатларини ҳимоя қилиш, давлат органлари томонидан ушбу қонуннинг ижро этилиши устидан назоратни такомиллаштиришдан иборат.

Кўриб чиқилаётган қонун лойиҳасида фаолияти лицензияланиши лозим бўлган, йўловчиларни ва уларнинг мол-мулкини ташиш бўйича тижоратга оид транспорт хизматлар кўрсатувчи юридик шахсларга ташувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш тўғрисидаги шартномаларни уч ойдан бир йилгача муддатга тузиш ҳуқуқи берилаётганлиги, шунингдек йўловчиларни ташиш чоғида транспорт воситасини бошқараётган ҳар бир ҳайдовчи ёнида тегишли транспорт воситаси учун расмийлаштирилган суғурта полисининг мавжуд бўлиши таъминланаётганлиги назарда тутилмоқда.

Сурат манбаи: из открытых источников

Янгилик билан ўртоқлашиш: