Ўзбекистонда лицейларда ўқитиш тизими такомиллаштирилади

Дата: 15:11, 16-03-2017.

Тошкент. 16 март. ЎзТАГ – Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев академик лицейларда ўқитиш тизимини ислоҳ қилиш ҳақида топшириқ берди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ) давлат раҳбарининг тегишли қарорига асосланган ҳолда.  

 “Академик лицейларнинг фаолиятини битирувчиларнинг олий таълим муассасаларига ўқишга кириш натижалари нуқтаи назаридан олиб борилган таҳлиллар бу соҳадаги ишларнинг қониқарли эмаслигини кўрсатмоқда. Ҳозирги пайтга келиб академик лицейлар сонини оптималлаштириш, улардаги таълим сифатини ошириш ва мазмунини янгилаш, уларни битириб чиқаётган ёшларнинг олий таълим муассасаларига ўқишга кириш кўрсаткичларини тубдан яхшилаш бўйича қатор чора-тадбирларни амалга ошириш зарурати пайдо бўлмоқда”, - деб таъкидланади хужжатда. 

Вазиятни ўзгартириш учун давлат раҳбари бугунги кунда моддий-техник ва ўқув-методик базаси замонавий талабларга жавоб бермайдиган 4 та академик лицей фаолияти тугатишни ҳамда олий таълим муассасаларидан узоқда жойлашган, таълим сифати ва битирувчиларининг институт ва университетларга ўқишга кириш кўрсаткичлари паст бўлган 54 та академик лицей босқичма-босқич касб-ҳунар коллежларига айлантиришни топширди.

Касб-ҳунар коллежларига айлантирилаётган академик лицейларнинг 2- ва 3-босқич ўқувчилари ўқишни тугатгач, яқин ҳудудда жойлашган, таълим йўналиши ўхшаш бўлган академик лицейларда якуний давлат аттестациясини топширади ва давлат намунасидаги академик лицей битирувчиси дипломини олади.

Олий таълим муассасаларининг юқори малакали профессор-ўқитувчиларини академик лицейларда дарс беришга кенгроқ жалб қилиш мақсадида академик лицейлардаги ўқитувчилик фаолиятига соатбай ҳақ тўлаш миқдори олий таълим муассасаларида меҳнатга соатбай ҳақ тўлаш миқдорига тенглаштирилади. 

Эслатиб ўтамизки, Ўзбекистонда бугунги кунда олий таълим муассасалари қошида 144та академик лицей ташкил этилган бўлиб, уларда аниқ, табиий, ижтимоий-гуманитар фанлар, хорижий тиллар ҳамда маданият ва санъат йўналишлари бўйича ёш авлодга билим берилмоқда. Ушбу масканларни ҳар йили ўртача 35 минг нафар йигит-қиз битириб чиқади. 

Янгилик билан ўртоқлашиш: