Ўзбекистонда лизинг операцияларининг ялпи портфели 14,4% ўсди

Дата: 16:05, 03-03-2016.

Тошкент. 3 март. ЎзТАГ – 2015 йил якунлари бўйича Ўзбекистонда лизинг операцияларининг ялпи портфели 14,4% ўсиб, 2,45 трлн сўмдан ошди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“2015 йилда Ўзбекистонда 90 ташкилот, жумладан, 24 банк лизинг хизматлари кўрсатган. 5,6 минг лизинг битимлари тузилиб, улар ҳажми 850 млрд сўмдан ошган. Лизингга берилаётган объектлар орасида қишлоқ хўжалик техникаси (32,9%) етакчилик қилмоқда. Технологик ускуналар (30,6%), автотранспорт (19,8%) ва кўчмас мулк лизинги (16,7%) улуши ҳам юқори”, - деб таъкидлашди Ўзбекистон лизингберувчилар уюшмасида.

Ўтган йилда тузилган лизинг битимларида ҳудудлар кечимида Тошкентнинг улуши юқори – 26,73%, кейинги ўринларда Тошкент вилояти ва Қорақалпоғистон Республикаси бормоқда (9,75% ва 8,70%).

Энг йирик лизинг компаниялари сирасига “Ўзсельхозмашлизинг” (273,1 млрд сўмлик битимлар), “Ўзбек Лизинг Интернешнл А.О.” (68,2 млрд сўмлик), “Ўзмелиомашлизинг” (53 млрд сўмлик) бор.

Банклар орасида лизинг операциялари етакчилари орасида “Асака” АТБ (49,8 млрд сўмлик), “КДБ Банк Узбекистан” (28,8 млрд сўмлик) ва “Ипотека-банк” АТИБ (17,9 млрд сўмлик) етакчилик қилмоқда.

$1 = 2856,64 сўм

Янгилик билан ўртоқлашиш: