Ўзбекистонда локализация дастурига ўзгартишлар киритилди
Тошкент. 9 июл. ЎзТАГ – Локализация дастурида иштирок этиш ва имтиёзларга эга бўлишга даъвогар корхоналар учун ишлаб чиқариш локализацияси даражаси 30%-дан 33%-гача оширилди, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Norma.uz порталининг хабар беришича, ушбу ўзгартишлар Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 27 июндаги 173 сонли қарорида кўзда тутилган.
Хужжатда бошқа ўзгартишлар ҳам кўзда тутилган. Хусусан, локализация дастурига киритишда эндиликда экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кўзда тутувчи лойиҳаларни амалга оширган корхоналарга устиворлик берилади.
Илгари ушбу ҳуқуқ фақат халқаро стандартлар бўйича сифатни бошқариш тизимини жорий этган корхоналарда бор эди.
Шунингдек, эндиликда имтиёзлар тадбиқ этиладиган маҳсулотларни ишлаб чиқариш ҳажмини кўпайтиришда бунинг учун махсус муассасалараро комиссия ва Вазирлар Маҳкамаси розилиги олиш шарт эмас.
Локализациялаштирилаётган маҳсулотларни ишлаб чиқариш учун зарур қисмларни олиб келиш зарурияти тўғрисида хулоса бериладиган хужжатлар рўйхати кенгайтирилди. Илгари ариза берувчи унга фақат импорт шартнома нусхасини илова қилиши мумкин эди. Эндиликда унга товарни етказиб бериш учун асос бўлган бошқа хужжатларни ҳам илова қилиш мумкин.


