Ўзбекистонда локализация лойиҳалари бўйича имтиёзлар бекор қилинади

Дата: 15:42, 22-02-2018.

Тошкент. 22 феврал. ЎзТАГ – 2018 йил 1 апрелдан Ўзбекистонда локализация лойиҳалари бўйича имтиёзларнинг амал қилиши бекор қилинади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Бу ҳақида Ўзбекистон Президенти импорт ҳажмини қисқартириш ва маҳаллийлаштирилган маҳсулот ишлаб чиқаришни кўпайтириш ишларини таҳлил қилиш, бу борадаги энг муҳим вазифаларни белгилаб олишга бағишланган йиғилишда маълум қилди.

Шавкат Мирзиёев соҳа камчиликларини танқид қилар экан, ҳар хил нопок корхоналар Маҳаллийлаштириш дастурига кириб олиб, ўзлари учун солиқ тўлашдан қочиш имкониятлари яратганлигини айтиб ўтди.

2017 йилда Ўзбекистонда Маҳаллийлаштириш дастури доирасида 9,9 триллион сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилгани таъкидланди. $512млнлик ёки 2016 йилга нисбатан 20 % кўп маҳаллийлаштирилган маҳсулот экспорт қилинган. 100 турдаги янги маҳсулот ишлаб чиқариш ўзлаштирилгани, базавий тармоқларда импорт $353 млнга қисқартирилган.

Аммо, деб таъкидлади президент, 2017 йилда 948 та маҳаллийлаштириш лойиҳасидан 176 таси бўйича ишлаб чиқариш бошланмаган, 218 таси бўйича эса ишлаб чиқариш прогнози бажарилмаган.

Масалан, Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлигининг 77 та лойиҳаси бўйича 206 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилмаган. “Ўзбекозиқовқатхолдинг”да 12 та, “Ўзавтосаноат”да 17 та, Тошкент шаҳрида 65 та, Тошкент вилоятида 65 та лойиҳа етарли даражада бажарилмаган.

Сурат манбаи: ўзбекистон, имтиёзлар, локализация, бекор қилиш

Янгилик билан ўртоқлашиш: