Ўзбекистонда лоукостер-авиакомпания ташкил этилади

Дата: 16:41, 01-03-2018.

Тошкент. 1 март. ЎзТАГ – “Ўзбекистон ҳаво йўллари” Миллий авиакомпанияси йўловчилар учун паст нархли чипталар таклиф этувчи лоукостер-авиакомпания ташкил этишни режалаштирмоқда, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Маҳаллий ОАВга кўра, бу ҳақида яқинда авиакомпания раисининг биринчи ўринбосари Умид Ҳусанов Халқаро пресс-клуб йиғилишида маълум қилди. МАК раҳбарининг сўзларига кўра, ушбу масала жорий йилда ҳал этилади, ҳозирда эса ширкат бу соҳадаги жаҳон тажрибасини ўрганмоқда.

Эслатиб ўтамизки, Қозоғистонда яқинда содир бўлган фожеа ижтимоий тармоқларда катта норозиликлар келтириб чиқарди. Ўшанда 52 ўзбек фуқароси автобусдаги ёнғинда ҳалок бўлган эди. Хусусан, фуқаролар “Ўзбекистон ҳаво йўллари”ни авиачипталар баҳоси жуда қимматлигида айбладилар. Шу сабаб ҳам фуқаролар бошқа мамлакатларга автобусларда боришга мажбур бўлишмоқда. Шундан кейин мамлакат президенти компанияга чипталарни ўз қийматидан паст баҳога сотишга рухсат берди. Лекин ҳозирча МАК олис хориж чипталари баҳосини туширгани йўқ.

Сурат манбаи: https://ria.ru/analytics/20160311/1388284268.html

Янгилик билан ўртоқлашиш: