Ўзбекистонда лойиҳаларни амалга оширишнинг бутунлай янги тизими жорий этилади

Дата: 10:15, 20-04-2018.

Тошкент. 20 апрел. ЎзТАГ – Ўзбекистонда лойиҳаларни амалга оширишнинг бутунлай янги тизими жорий этилади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Хусусан, бу ҳақида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Бухорога ташрифи чоғида вилоят ва туманлар ҳокимлари, вазирлик, муассаса, хўжалик бирлашмалари раҳбарлари билан ўтказилган йиғилишда сўз борди.

“Унда жорий йил 2 март куни вилоятга ташриф чоғида белгилаб берилган вазифалар ва лойиҳалар ижроси муҳокама қилинди. Маҳаллий бюджетга қўшимча тушумларни таъминлаш, ҳудуд экспортини ошириш, олис туманлар инфратузилмасини яхшилаш, вилоят марказида намунавий уй-жой қуриш, “Обод қишлоқ” дастури кўламини кенгайтириш, томорқа хўжалигини ривожлантириш ва янги иш ўринларини яратишга қаратилган ишларнинг бориши кўриб чиқилди”, - дейилади давлат раҳбари матбуот хизматининг хабарида.

Шунингдек, давлат раҳбари тўртта сектор раҳбарлари ва мутасаддилар томонидан йўл қўйилган камчиликларни бартараф этиш бўйича аниқ кўрсатмалар берди. Ҳудудни изчил ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича белгиланган вазифалар ижроси устидан қатъий назорат ўрнатиш лозимлигини таъкидлади.

“Ўрмон хўжалигини ривожлантириш, корхоналарни зарур ресурслар билан таъминлаш, хусусий мактабгача таълим муассасалари тармоғини кенгайтириш борасидаги режаларни амалга оширишнинг янги тизимини ишлаб чиқиш масалаларига эътибор қаратилди”, - дейилади хабарда.

Муҳокама этилган чора-тадбирлар юзасидан мутасаддиларга топшириқлар берилди.

Сурат манбаи: https://ru.sputniknews-uz.com/society/20160929/3803070.html

Янгилик билан ўртоқлашиш: