Ўзбекистонда “Маҳалла ифтихори” кўкрак нишони таъсис этилди

Дата: 14:35, 17-07-2017.

Тошкент. 17 июл. ЎзТАГ – Ўзбекистонда “Маҳалла ифтихори” кўкрак нишони таъсис этилди. Бунга доир тегишли қарор мамлакат президенти томонидан 2017 йил 13 июлда қабул қилинди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Кўкрак нишони “Жамиятимизда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг ўрни ва ролини кучайтириш, жойларда маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш, миллатлараро дўстлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, ёш авлодни она Ватанга муҳаббат ва истиқлол ғояларига садоқат руҳида тарбиялаш, аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш, кенг қамровли профилактика тадбирлари ва жамоатчилик назоратини амалга ошириш, маҳалла фуқаролар йиғинларининг моддий-техника базасини ривожлантириш ишларига муносиб ҳисса қўшиб келаётган фаол, ташаббускор фуқаролар ва жамоатчилик тузилмалари вакилларини тақдирлаш мақсадида” таъсис қилинган.

Кўкрак нишони билан Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлмаган шахслар ҳам тақдирланиши мумкин.

Кўкрак нишони билан тақдирлашга оид таклифлар маҳалла фуқаролар йиғинлари томонидан (фуқаролар вакилларининг йиғилишлари қарорлари асосида) Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича туман (шаҳар) кенгашларига берилади.

Кўкрак нишони билан тақдирланган шахслар энг кам ойлик иш ҳақининг тўрт баравари миқдорида бир йўла тўланадиган пул мукофоти оладилар.

Кўкрак нишони билан тақдирланган шахслар Ўзбекистон «Маҳалла» хайрия жамоат фонди ҳисобидан мамлакатимиз санаторийларида даволанишлари учун бир маротабалик бепул йўлланма олиш ҳуқуқига эга бўладилар.

Эслатиб ўтамизки, маҳалла – фуқароларнинг ўз-ўзини бошқариш органидир.

1ЭКИҲМ=149775 сўм

Янгилик билан ўртоқлашиш: