Ўзбекистонда маҳаллий бюджетлар даромадларининг 503,8 млрд сўм миқдордаги қўшимча даромадлари шакллантирилди

Дата: 12:27, 08-11-2017.

Тошкент. 8 ноябр. ЎзТАГ – 2017 йилнинг тўққиз ойида маҳаллий бюджет даромадларининг 503,8 млрд сўм миқдоридаги ёки 2016 йилнинг 9 ойига нисбатан 3,9 баравар кўп қўшимча манбалари шакллантирилди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Ушбу маълумотлар Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2017 йил тўққиз ойидаги ижросини муҳокамасига бағишланган навбатдаги мажлисида кўриб чиқилди.

“Ҳисобот даврида Давлат бюджети харажатларининг ижтимоий йўналтирилганлиги сақланиб қолди. Ижтимоий соҳани молиялаштириш учун харажатлар умумий ҳажмининг 54,8 фоизи миқдорида маблағ ажратилди. Депутатлар шуни алоҳида қайд этиб ўтдиларки, ҳисобот даврида таълим тизимидаги ислоҳотларни янада чуқурлаштиришга, таълим жараёни даражаси ҳамда сифатини оширишга қаратилган таълим стандартлари ва дастурларини такомиллаштиришга, умумтаълим мактаблари, академик лицейлар, касб-ҳунар коллежлари ҳамда олий ўқув юртларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлашга биринчи даражали эътибор қаратилди”, - дейилади Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Ахборот хизмати хабарида.

Хусусан, халқ таълими муассасаларини сақлаш ва ривожлантириш харажатларини молиялаштиришга Давлат бюджетидан 11,5 трлн сўмдан ортиқ ёки ижтимоий соҳага ажратилган умумий маблағларнинг 59,5 фоизи миқдорида маблағ ажратилди.

Умуман олганда, мажлис якунларига кўра Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2017 йил тўққиз ойидаги ижроси тўғрисидаги ҳисоботни тасдиқлаш ҳақида қарор қабул қилинди.

$1=8067,62 сўм

Янгилик билан ўртоқлашиш: