Ўзбекистонда маҳаллий ишлаб чиқарилган ижтимоий аҳамиятга эга дориларнинг нархлари 44% пасайтирилди

Дата: 09:51, 19-01-2017.

Тошкент. 19 январ. ЎзТАГ – Ўзбекистонда маҳаллий ишлаб чиқарилган ижтимоий аҳамиятга эга дориларнинг нархлари 44% пасайтирилди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).  

“Чекланган нархларда сотувга чиқариладиган маҳаллий дори воситалари ва тиббий буюмларнинг 2016 ва 2017 йиллар учун таққосий жадвали маҳаллий дори воситаларининг нархи 44% гача пасайганлигини кўрсатди. Жадвалларни дорихоналардаги “Истеъмолчилар бурчаги”да кўриш мумкин”, - деди Соғлиқни сақлаш вазирлиги Дори воситалари ва тиббий буюмлар сифатини назорат қилиш Бош бошқармаси бошлиғи Ҳабибулло Жалилов вазирлик матбуот хизмати эълон қилган интервьюда.

Демак, халқимиз энди маҳаллий дори воситалари ва тиббий буюмларини сезиларли даражада паст нархларда харид қилиш имконига эга бўлди, деб давом қилди у.

“Умуман олганда, бундай хужжатлар ва амалга оширилаётаган ислоҳотлар инсон манфаатларига хизмат қилади ҳамда ички бозорни арзон ва сифатли дори-дармон воситалари билан таъминлашга имкон беради”, - деб хулоса қилди Жалилов.

Эслатиб ўтамизки, 2016 йилнинг 31 октябрида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Аҳолини дори-дармонлар ва тиббиёт буюмлари билан таъминлашни янада яхшилашга доир чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. У 2017 йил 1 январдан кучга кирди. Унга мувофиқ эндиликда четдан олиб келинадиган, шунингдек, мамлакатимиз ишлаб чиқарувчиларидан сотиб олинадиган дори-дармон воситалари ҳамда тиббиёт буюмларини улгуржи ва чакана сотиш, уларни етказиб беришда иштирок этувчи воситачилар сонидан қатъи назар, улгуржи савдо учун сотиб олинган қийматидан 15%дан, чакана савдо учун улгуржи нархидан 20%дан ортиқ бўлмаган миқдорларда белгиланадиган чекланган савдо устамалари қўлланилган ҳолда амалга оширилади.

Янгилик билан ўртоқлашиш: