Ўзбекистонда маҳаллий мессенжер ишлаб чиқилади
Тошкент. 30 октябр. ЎзТАГ – 2018 йил бошида “Ўзбектелеком” компанияси Telegram, Skype, Viber ва WhatsAppнинг муқобили бўлган Uzphone мессенжерини ишга туширишни режалаштирмоқда, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
“Ҳозирда мессенжер альфа-синов босқичида бўлиб, у орқали ҳозирча матнли хабарлар жўнатиш ва қўнғироқ қилиш мумкин. Йил охирига қадар ишлаб чиқувчилар иловани смарт-телевизорлар ва кузатув камералари билан боғлашни режалаштиришмоқда. Ширкатнинг техник имкониятлари иловани юклаб олган 1 млнгача фойдаланувчиларга хизмат кўрсатишга имкон беради”, - деб таъкидлашди “Ўзбектелеком” АК матбуот хизматида.
Янги иловани яратиш зарурати қатор омиллар, жумладан, хориж компаниялари Ўзбекистонда топаётган даромаднинг бир қисмини мамлакатда қолдириш истаги, фойдаланувчиларга камроқ трафик сарфлаш имконини бериш билан боғлиқ.
“Ҳозирча ундан кенг омма фойдалана олмайди. Икки ой ичида бета-синов босқичига чиқамиз. Келаси йили уни расман тақдим этишни режалаштирганмиз", - деб таъкидлади “Ўзбектелеком” филиали директори Марат Фаттоҳов.