Ўзбекистонда маҳсулотларни ихтиёрий экологик маркалаш тизими жорий этилади

Дата: 16:38, 30-05-2019.

Тошкент. 30 май. ЎзТАГ – Ўзбекистонда маҳсулотларни ихтиёрий экологик маркалаш тизими жорий этилади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

"Ўзбекистон Республикасида маҳсулотларни ихтиёрий экологик маркалаш тизимини жорий этиш тўғрисида ги ҳукумат қарори қабул қилинди (№ 435 27 май 2019). Қарорга мувофиқ, 2020 йил 1 январдан бошлаб Ўзбекистонда жаҳон стандартлари талабларига асосланган маҳсулотларни ихтиёрий экологик маркалаш тизими жорий этилади", - дейилади Адлия вазирлиги матбуот хизмати хабарида.

Қайд этилганидек, маҳсулотнинг экологик марка белгиси белгиланган тартибда аккредитациядан ўтказилган экологик маркировкалаш органлари томонидан амалга оширилади.

"Ишлаб чиқариш, фойдаланиш, истеъмол қилиш, ташиш, сақлаш ва утилизация қилишда атроф-муҳитга, аҳоли саломатлигига ва биологик ресурслар энг кам зарарли таъсир кўрсатадиган маҳсулотлар экологик маркировкалаш объекти ҳисобланади", - дейилади хабарда.

Таъкидлаш жоизки, ишлаб чиқарувчилар маҳсулотларни ихтиёрий экологик маркировкалаш тўғрисида сертификат олинганидан кейин ўз маҳсулотларини ихтиёрий асосда экологик хавфсизлик белгиси билан белгилайдилар.

Шунингдек, “эко” ва “eco” сўзларини маҳсулот номига, маҳсулотга бириктирилган ҳужжат ва маҳсулотни ихтиёрий экологик маркировкалаш тўғрисидаги сертификат бўлмаган тақдирда реклама қилишда ишлатиш тақиқланади.

Дори воситалари, ветеринария препаратлари, тиббий буюмлар, таркибида заҳарли, мутаген, кансероген, атроф-муҳит учун хавфли деб таснифланган моддалар, препаратлар ва аралашмалар мавжуд бўлган товарлар ихтиёрий экологик маркировкаланмайди.

Сурат манбаи: telegra.ph

Янгилик билан ўртоқлашиш: