Ўзбекистонда маҳсулотларни сертификатлаш устидан назорат кучайтирилади

Дата: 15:48, 16-04-2018.

Тошкент. 16 апрел. ЎзТАГ – Ўзбекистонда маҳсулотларни сертификатлаш устидан давлат назорати кучайтирилади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Бу Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан иккинчи ўқишда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасида кўзда тутилган.

Қуйи палата матбуот хизмати маълумотига кўра, қонун лойиҳаси техник регламентларга риоя қилиш устидан самарали давлат назоратини, маҳсулотни мажбурий сертификатлаштириш қоидалари сертификатлаштириш органлари ва аккредитация қилинган синов лабораториялари томонидан бузилмаслиги учун уларнинг масъулиятини ошириш мақсадида ишлаб чиқилган.

Қонун маҳсулотлар, жараёнлар, ишлар ва хизматларнинг хавфсизлиги, сифати ва рақобатбардошлилигини ошириш масалаларида истеъмолчилар ва давлат манфаатларини ҳимоя қилишга хизмат қилади.

Шу билан бирга, мазкур ҳужжат маҳсулотларни сертификатлаштириш қоидаларини бузганлик учун сертификатлаштириш органлари ва аккредитация қилинган синов лабораторияларининг масъулиятини ошириш, шунингдек, “Техник жиҳатдан тартибга солиш тўғрисида”ги ва “Маҳсулот ва хизматларни сертификатлаштириш тўғрисида”ги қонунларнинг нормаларини тўлақонли амалга оширишни таъминлайди.

Сурат манбаи: https://www.norma.uz/novoe_v_zakonodatelstve/podtverdit_sootvetstvie_tovara_stalo_legche

Янгилик билан ўртоқлашиш: