Ўзбекистонда маданият ходимлари ва давлат архивлари мутахассисларининг ойликлари ўртача 45% оширилади
Тошкент. 16 май. ЎзТАГ – Ўзбекистонда маданият ходимлари ва давлат архивлари мутахассисларининг ойликлари ўртача 45% оширилади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
“Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, “Ўзархив” агентлиги, Молия вазирлиги ҳамда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг 2018 йил 1 июндан давлат маданият муассасалари артистлари, маъмурий-бошқарув, бадиий-раҳбар, ижодий ва бошқа ходимларининг, шунингдек, давлат архивлари бошқарув ходимлари ва мутахассисларининг (кейинги ўринларда – давлат маданият муассасалари ва давлат архивларининг ходимлари) меҳнат ҳақи миқдорларини ўртача 45 фоизга ошириш ҳақидаги таклифи маъқуллансин”, - дейилади Ўзбекистон президентиинг “Давлат маданият муассасалари ва давлат архивлари ходимлари меҳнатига ҳақ тўлашнинг такомиллаштирилган тизимини жорий этиш ва уларни моддий рағбатлантиришни кучайтириш тўғрисида”ги қарорида.
Шунингдек, 2018 йил 1 июндан давлат маданият муассасалари ва давлат архивлари ходимларининг малака тоифалари ва лавозимлари бўйича базавий лавозим маошларини белгилашни назарда тутувчи меҳнатига ҳақ тўлашнинг такомиллаштирилган тизимини жорий этиш ҳамда лавозим маошлари ўртасидаги тафовутни кўпайтириш ҳисобига касбий ўсишни рағбатлантириш жорий этилиши зарур.
Бундан ташқари, 2018 йил 1 июндан Ўзбекистон давлат цирки, ҳайвонот боғлари, Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлигининг кўзи ожизлар учун кутубхоналари ҳамда давлат архивлари ходимларининг алоҳида тоифаларига театр-концерт ташкилотларининг артистлари ва бадиий ходимларига узоқ муддат хизмат қилганлиги учун белгиланган миқдорларда ҳар ойда тақдирлаш пули тўланишини белгиланди.
2018 йил 1 июндан концерт-томоша кўрсатиш фаолияти билан шуғулланиш учун лицензияга эга бўлган юридик ва жисмоний шахсларни (шу жумладан, норезидентларни) жалб этиш йўли билан оммавий томоша тадбирларини ташкил этишдан даромадлар оладиган микрофирма ва кичик корхоналар учун ягона солиқ тўлови ставкаси 30 фоиздан 5 фоизгача пасайтириш ҳам режалаштирилмоқда.
Сурат манбаи: https://www.trend.az/casia/2823805.html