Ўзбекистонда маданият муасасалари ва спорт тадбирлари ўтказиш харажатлари 16,7% кўпайтирилади
Тошкент. 31 октябр. ЎзТАГ – 2017 йилги бюджетда маданият муасасалари ва спорт тадбирлари ўтказиш харажатлари 16,7% кўпайтирилади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ) Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Ахборот хизматининг хабарига асосланган ҳолда.
“2017 йилги давлат бюджети лойиҳасида маданият муасасалари ва спорт тадбирлари ўтказиш харажатлари ҳажмини ўтган йилга нисбатан 16,7% ошириш кўзда тутилган”, - деди “Миллий тикланиш” Ўзбекистон Демократик партияси фракцияси аъзоси Дилфуза Жалилова.
Шунингдек, у “мамлакатнинг тарихий-меъморий, ижтимоий-маданий ва сайёҳлик салоҳиятини сақлаш, уни янада оммалаштириш ва тарғиб қилиш учун давлат бюджети ҳисобидан 25,8 млрд сўм ажратиш таклиф этилмоқда, ушбу маблағлар маданият ва меъморчилик объектларида реставрацион ва консервацион ишларни ўтказишга йўналтирилади”, деб таъкидлади.
Унинг сўзларига кўра, бу халқимизнинг тарихий, маданий ва интеллектуал мулкини асраб авайлашга кўмаклашади.
Эслатиб ўтамизки, 28 октябрда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. У Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети, давлат мақсадли жамғармалари, шунингдек, 2017 йилли солиқ ва бюджет сиёсатининг асосий йўналишлари лойиҳасини кўриб чиқиб, қабул қилишга бағишланди.