Ўзбекистонда мадриднинг “Реал” клуби футбол мактаби очилади

Дата: 17:00, 23-01-2018.

Тошкент. 23 январ. ЎзТАГ – Ўзбекистонда мадриднинг “Реал” клуби футбол мактаби очилади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ) Ўзбекистон футбол федерацияси матбуот хизматига асосланган ҳолда.

Бунга доир келишувга Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси ва Ўзбекистон футбол федерацияси президенти Умид Аҳмаджоновнинг мадриднинг “Реал” клуби академияси директори Хулио Ронко билан музокараларида эришилди.

Келишувга мувофиқ, испан клубининг Real Madrid Foundation Clinic дастури асосида Ўзбекистонда “Реал Мадрид” клубининг футбол мактаби очилади. Ундан ташқари “Реал Мадрид”да фаолият юритаётган мураббийларни Ўзбекистонга олиб келиш бўйича ҳам ҳамкорлик қилинади. Улар футбол мактабларида машғулотлар ўтказиш, футболчилар билан ишлаш жараёнлари ҳақида ўз тажрибалари билан ўртоқлашадилар.

Бундан ташқари, ўзбекистонлик истеъдодли футболчи болалар “Реал" Мадрид”га олиб борилади ва “Қироллик клуби” томонидан ташқил этиладиган мусобақаларда иштирок этади.

Эслатиб ўтамизки, “Реал Мадрид” Академияси хорижий давлатларда фақат Real Madrid Foundation Clinic дастури асосида иш олиб бормоқда. Эндиликда ушбу дастур асосида “Реал Мадрид” методологиясини ўзбекистондаги футбол клубларида ҳам қўллаш, футболчилар билан янгича услубда машғулотлар ўтказиш бўйича ҳамкорлик қилинади.

Сурат манбаи: https://uzreport.news/football/v-uzbekistane-budet-otkrita-futbolnaya-shkola-real-madrida

Янгилик билан ўртоқлашиш: