Ўзбекистонда маиший чиқиндилар алоҳида йиғила бошлайди

Дата: 18:24, 29-07-2014.

Тошкент. 29 июл. ЎзТАГ – Ўзбекистон ҳукумати “Қаттиқ ва суюқ маиший чиқиндиларни йиғиш ва олиб кетиш хизматларини кўрсатиш бўйича қоидалари”ни тасдиқлади. Унга кўра, маиший чиқиндиларни алоҳида-алоҳида турли рангдаги пакетларга солган ҳолда йиғиш тизими жорий этилади, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Эндиликда истеъмолчилар турли қаттиқ маиший чиқиндилар: пластмасса, металл, қоғоз чиқиндилар, мато ва материаллар қийқимлари, биочиқиндиларни (мева-сабзовот пўчоқлари) алоҳида-алоҳида қилиб ажратган ҳолда бир марта ишлатиладиган пластик пакетларга солишлари зарур.

Бунинг учун ахлат мавжуд йиғиш пунктлари қаттиқ маиший чиқиндиларни алоҳида-алоҳида тўплаш учун турли рангдаги махсус контейнерлар билан жиҳозланади.

Бундан ташқари, илк маротаба мамлакат саноат корхоналари истеъмолчилардан ўзлари ишлаб чиқарган эскирган ва ишдан чиққан маҳсулотларни қабул қилиб олишлари ва уни ўз ҳисобидан утилизация қилишлари лозим.

Маиший чиқиндиларни йиғишнинг янги тизимига айнан қачондан бошлаб ўтилиши ҳақида ҳеч нима дейилмаган.

Янгилик билан ўртоқлашиш: