Ўзбекистонда Маккага ҳажга боришни истовчилар учун талаблар қаттиқлаштирилди

Дата: 18:51, 04-12-2017.

Тошкент. 4 декабр. ЎзТАГ – Ўзбекистонда Маккага катта зиёратга – ҳажга боришни истовчилар учун талаблар қаттиқлаштирилди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ) маҳаллий ОАВга асосланган ҳолда.

Бу иш билан Ўзбекистон мусулмонлари идораси (ЎМИ) шуғулланади.

“Ҳаж қилишга номзод қайтиб келгунича оиласини таъминлашга қолдирадиган нафақадан ташқари ҳажга бориб келишига етадиган маблағга қодир бўлиши зарур”, - дейилади ЎМИ фатвосида. Фатвога мувофиқ, ҳаж қилишни истаган киши “ўз маҳалласида обрўли шахс бўлиб, барча учун ўрнак бўлиши керак”.

Фатвода таъкидланишича, “номзодни ҳаж зиёратчилари рўйхатига киритишда нафақат унинг моддий имконияти, балки маънавий қиёфасига ҳам эътибор қаратиш зарур”.

“У маънавий етук бўлиб, ислом динининг аввалги тўртта арконларини адо этиб келаётган бўлиши лозим”, - дейилади ҳужжатда.

ЎМИ қайд этишича, ўтган йилларда ўзбекистонлик ҳаж зиёратчилари орасида моддий ҳолати ва маънавий қиёфаси унча комил бўлмаган фуқаролар ҳам бўлди.

Эслатиб ўтамизки, жорий йил бошидан бери Ўзбекистонда квоталар оширилишига қарамасдан қайта ҳаж қилиш таъқиқланди. Эндиликда мамлакат фуқаролари умрларида фақат бир марта катта ва кичик ҳаж қилишлари мумкин. 

Янгилик билан ўртоқлашиш: