Ўзбекистонда мактаб аттестатларининг янги намуналари тасдиқланди

Дата: 17:32, 15-05-2019.

Тошкент. 15 май. ЎзТАГ - Ўзбекистонда мактаб аттестатларининг янги намуналари тасдиқланган, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

"Вазирлар Маҳкамасининг 14 майдаги "Умумий ўрта таълим тўғрисидаги расмий ҳужжатларнинг давлат намунасини тасдиқлаш тўғрисида"ги қарори билан 9 ва 11-синф битирувчиларига, шунингдек, имконияти чекланган болалар учун ихтисослаштирилган мактаб-интернатлар битирувчиларига бериладиган гувоҳнома ва аттестатларнинг янги намуналари тасдиқланди", - дейилади Халқ таълими вазирлиги матбуот хизмати хабарида.

Қайд этилганидек, мактабларда 11 йиллик таълим тизимига ўтиш муносабати билан янги намуналар тасдиқланди.

Ҳужжатга кўра, биринчи марта нодавлат умумтаълим муассасалари битирувчиларига ҳам давлат намунасидаги шаҳодатнома ва аттестатлар берилиши кўзда тутилган.

Бундан ташқари, шаҳодатнома ва аттестатларни беришнинг электрон тизими жорий этилмоқда. Электрон тизимда битирувчилар ва уларнинг баҳолари ҳақида маълумот берилади. Ҳар бир мактабда маълумотлар базаси яратилади.

Махсус ҳимояланган қоғоздан ишлаб чиқарилган шаҳодатнома ва аттестатнинг орқа томонида QR коди бўлиб, бу билан умумий маълумотлар базасидан битирувчи маълумотни сканерлаш орқали олиш мумкин.

"Энди ушбу аттестатлар компьютерда учта (ўзбек, рус ва инглиз) тилларида терилади ва махсус принтерда чоп этилади. Бу битирувчиларга хорижий олий ўқув юртларига кириш учун ҳужжатларни топширишда қўшимча қулайликлар яратади”, - дейилади хабарда.

Сурат манбаи: uzedu.uz

Янгилик билан ўртоқлашиш: