Ўзбекистонда мактабгача болалар учун 1200 қисқа муддатли гуруҳлар ташкил этилади

Дата: 20:44, 03-03-2014.

Тошкент. 3 март. ЎзТАГ – 2014 йилда Ўзбекистоннинг мактабгача таълим муассасаларида боғчага қатнамайдиган болалар учун қўшимча 1200 қисқа муддатли гуруҳлар ташкил этилади. Бу чора болаларни мактабга тайёрлаш сифатини яхшилашга йўналтирилган, дея хабар беради Ўзбекистон Халқ таълими вазирлиги матбуот хизмати.
Вазирлик маълумотига кўра, айни пайтда мамлакатда 4,9 мингдан зиёд давлат ва 75 нодавлат мактабгача таълим муассасалари фаолият юритмоқда.
Ўзбекистонда бугунда 2 ёшдан 7 ёшгача бўлган барча болаларнинг 23,3 фоизи болалар боғчаларига қатнамоқда. Бу, тахминан 600 минг бола демакдир. Кўпчилик ёш болалар уй шароитида тарбияланаётганлиги сабабли кейинги йилларда мамлакатда муқобил мактабгача таълим шакллари ҳам оммалашмоқда. Бунда бола қисқа муддат давомида махсус гуруҳларда бўлади ва бу ерда умумий ривожланиш учун зарур бўладиган билимларни олади.
Муқобил таълим шакллари одатдаги болалар боғчалари томонидан ҳам фаол қўлланмоқда. Бугунда бу ерда 938 шундай қисқа муддатли гуруҳлар тузилган. Мамлакатдаги 444 эрта ривожланиш маркази, 1,123 якшанбалик мактаблар, 48 мактабдан ташқари таълим муассасаси ҳам ана шу тахлитда ишламоқда.
Яқиндан буён бундай гуруҳлар маҳаллалар қошида ҳам очила бошлади.

Янгилик билан ўртоқлашиш: