Ўзбекистонда мактабгача таълим вазирлиги ташкил этилди

Дата: 17:25, 02-10-2017.

Тошкент. 2 октябр. ЎзТАГ – Ўзбекистонда мактабгача таълим вазирлиги ташкил этилди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ) давлат раҳбарининг тегишли қарорига асосланган ҳолда.

Вазирликнинг ташкил этилиши соҳадаги узоқ вақт давомида юзага келган муаммолар билан боғлиқ. Жумладан, сўнгги 20 йил давомида давлат тасарруфидаги мактабгача таълим муассасалари сони 45%дан зиёдроқ камайган бўлиб, бугунги кунда республика бўйича болаларнинг мактабгача таълим билан қамраб олиниши 30%ни ташкил этади. Шунингдек, мактабгача таълим муассасаларининг моддий-техника базаси замонавий талабга жавоб бермайди.

“Мактабгача таълим тизимида вариатив дастурлар жорий этилмаган, болаларни мактабга тайёрлаш бўйича муқобил, мослашувчан моделлар етарли даражада ривожланмаган ҳамда тараққий этган мамлакатлар сингари ижтимоий, шахсий, ҳиссий, нутқий, математик, жисмоний ва ижодий ривожлантириш, атроф муҳит билан танишувга йўналтирилган махсус давлат таълим дастурлари татбиқ қилинмаган”, - деб таъкидланади ҳужжат матнида.

Бундан ташқари, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев республика ҳудудларида 50, 70, 100, 120 ва 150 ўринга мўлжалланган давлат ва нодавлат мактабгача таълим муассасаларини қўшимча барпо этиш орқали болаларни мактабгача таълим билан босқичма-босқич тўлиқ қамраб олиш, болаларга мактабгача таълим-тарбия беришнинг муқобил турларини амалиётга жорий этишга қаратилган комплекс дастурни ишлаб чиқиш ва тасдиқлашни топширди.

Янгилик билан ўртоқлашиш: