Ўзбекистонда мактабгача таълимнинг янги тури жорий этилмоқда
Тошкент. 20 сентябрь. ЎзТАГ – Ўзбекистонда мактабгача таълимнинг янги тури жорий этилмоқда, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Адлия вазирлиги маълумотларига кўра, ҳукуматнинг 2019 йил 18 сентябрдаги "Мобил гуруҳлар негизида мактабгача таълим хизматлари кўрсатиш лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги 786-сонли қарори қабул қилинди.
"2019/2020 ўқув йилидан бошлаб Қорақалпоғистон ва вилоятларнинг айрим туманларида ISUZU HC 40 автобуслари базасида мобил мактабгача таълим гуруҳларини ташкил этиш бўйича пилот лойиҳа амалга оширилмоқда", – дейилади хабарда.
Қайд этилганидек, мобил гуруҳнинг асосий вазифаларидан бири мактабгача таълим билан қамраб олинмаган болаларни ҳар томонлама интеллектуал, маънавий ривожлантириш учун шарт-шароитлар яратишдан иборат.
Мобил гуруҳларга мактабгача таълим муассасаларига бормайдиган 3 ёшдан 7 ёшгача бўлган болалар қабул қилинади.
"Қабул қилиш учун ариза, ота-она паспортининг нусхаси, боланинг туғилганлик ҳақидаги гувоҳномаси нусхаси, боланинг 2 та фотосурати, боланинг соғлиғи ҳақида тиббий маълумотнома талаб қилинади", – дейилади хабарда.
Мобил гуруҳларда хизмат кўрсатиш бепул асосда амалга оширилади.
Бунда овқатланиш мажбурий эмас, таълим кунига камида 3-4 соат берилади.
Сурат манбаи: verywellfamily.com


