Ўзбекистонда Малайзиянинг ҳалол фастфуд ресторанлари тармоғини яратиш режалаштирилмоқда

Дата: 17:31, 11-03-2019.

Тошкент. 11 март. ЎзТАГ – Ўзбекистонда Малайзиянинг ҳалол фастфуд ресторанлари тармоғини яратиш режалаштирилмоқда, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Бу ҳақда 6 март куни Ўзбекистоннинг Малайзиядаги элчиси Равшан Усмонов ва “Marrybrown Sdn. Bhd.” молия директори Девид Лию билан бўлиб ўтган учрашувда сўз борди.

“Девид Лию Ўзбекистон тадбиркорлари билан франчайзинг асосида умумий овқатланиш тармоғини очиш бўйича ҳамкорликни йўлга қўйишга тайёр эканини билдирди. Таъкидланишича, компаниянинг товар белгиси тавсифи шартлари ва қиймати муайян белгиланган ўзбекистонлик шериклари билан ҳамкорликда муҳокама қилинади. Ушбу бренд Жанубий-Шарқий Осиё ва Яқин Шарқ мамлакатлари орасида ниҳоятда машҳур бўлиб, бу мамлакатлардан сайёҳларни Ўзбекистонга жалб қилиш учун “ишбилармонлик бизнеси” ролини бажариши мумкин”, - деб айтилади Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабарида.

Таъкидландики, музокаралар якунида компания раҳбарларининг ресторан бизнесига ҳамкорлик қилиш имкониятларини батафсил муҳокама қилиш учун 2019 йил апрель ойида Тошкент шаҳрига ташриф буюриши тўғрисида келишувга эришилди.

Эслатиб ўтамиз, «Marrybrown Sdn. Bhd.» компанияси ҳалоллик принципларига мувофиқ сертификатланган энг йирик Малайзия фастфeд ресторанлар тармоғи ҳисобланади. Компания мамлакат бўйлаб 138 дан ортиқ ресторан ва 20 та мамлакатда 350 дан ортиқ ресторанлар билан ишлайди.

Сурат манбаи: hype.my

Янгилик билан ўртоқлашиш: