Ўзбекистонда мамлакатдаги энг йирик бўлган қандолатчилик ва макарон маҳсулотлари ишлаб чиқариш лойиҳасига асос солинади
Тошкент. 13 феврал. ЎзТАГ – Яқин орада Akfa компаниялар гуруҳи Ўзбекистондаги энг йирик бўлган қандолатчилик ва макарон маҳсулотлари ишлаб чиқариш лойиҳасига асос солишни режалаштирмоқда, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Маълум қилинишича, айни дамда Германия, Дания, Швейцария, Австрия ва Италиядан бўлган етакчи ускуналар ишлаб чиқарувчи компаниялар билан музокаралар олиб борилмоқда. Бу нафақат маҳсулотнинг ички бозордаги юқори сифатини таъминлаш, балки дунё компаниялари билан рақобат қилиш имконини беради.
“Барча асбоб-ускуналар, технологиялар Европада харид қилинади, ва бу мингдан ортиқ иш ўринларини яратиш имконини беради. Айни дамда Беларуснинг “Коммунарка” компанияси билан келишувга эришилган. У шоколад ва конфет маҳсулотлари ишлаб чиқаришда катта тажрибага эга бўлиб, қандолат маҳсулотлари ишлаб чиқаришни ташкил этишда технологик кўмак беришга тайёр. Бунда барча ишлаб чиқариладиган маҳсулот фақатгина истеъмолчилар талабига жавоб берувчи табиий маҳсулотлар бўлади”, - деб таъкидлашди корхонада.
Ҳозирда ширкат ишчи гуруҳининг вакиллари Европада ишламоқда ҳамда машҳур компанияларда музокаралар ва тақдимотлар ўтказмоқда. Уларнинг мақсади лойиҳани амалга оширишга шерикларни излаш ва жалб этиш, қўшма корхона яратиш ва уларнинг инвестициясини мамлакат иқтисодиётига жалб этишдан иборат.
Илк маҳсулот эса 2018 йилнинг бошида бозорга чиқиши режалаштирилмоқда.