Ўзбекистонда Марказий сайлов комиссияси ваколатлари кенгайтирилади

Дата: 17:57, 22-07-2014.

     Тошкент. 22 июл. ЎзТАГ – Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг депутатлари Марказий сайлов комиссияси ваколатларини янада кенгайтиришни кўзда тутувчи қонун лойиҳасини биринчи ўқишда қабул қилдилар, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

     Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Ахборот хизмати маълумотларига кўра, бу “Сайлов тўғрисидаги қонун ҳужжатлари такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси билан кўзда тутилмоқда. Ушбу қонун лойиҳасида “Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси тўғрисида”ги қонунга, Ўзбекистон Республикасининг Бюджет кодексига ва Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш таклиф этилмоқда. 
     Қонун лойиҳасида Марказий сайлов комиссиясининг мустақиллиги кафолатларини мустаҳкамлаш ва ваколатларини янада кенгайтириш, унинг молиявий мустақиллигини ошириш, унинг ишига давлат органлари, жамоат бирлашмалари ва мансабдор шахсларнинг аралашишига йўл қўймаслик кабилар кўзда тутутилмоқда. Бундан ташқари, Марказий сайлов комиссияси мажлислари очиқ тарзда, шу жумладан, сиёсий партиялар, оммавий ахборот воситалари вакиллари, бошқа давлатлар, халқаро ташкилотлар ва ҳаракатлардан кузатувчилар иштирокида ўтказилиши режалаштирилмоқда.
     “Ўзбекистон ХДП фракцияси таклиф этилаётган қонун лойиҳаси нормаларида Марказий сайлов комиссияси фаолияти асосий принципларининг мазмун-моҳияти очиб берилиши, Марказий сайлов комиссияси ва унинг раисининг сиёсий партияларнинг сайловда иштирок этишини молиялаштириш учун маблағларни тақсимлаш, халқаро ҳамкорликни амалга ошириш, жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқаларни мустаҳкамлашдан иборат ваколатларининг, шунингдек, Марказий сайлов комиссияси фаолиятининг молиявий мустақиллигини таъминлашга қаратилган ҳуқуқий асосларнинг кенгайтирилиши умумэътироф этилган принциплар ва халқаро ҳуқуқ нормаларига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига мувофиқ сайлов жараёнида барча иштирокчиларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига риоя қилиш кафолатларини таъминлайди”, - деб қайд этди Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракцияси аъзоси Дилбар Холиқова.
     Муҳокама чоғида билдирилган фикрларни ҳисобга олган ҳолда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси юқорида тилга олинган қонун лойиҳаларининг асосий қоидаларини маъқуллади ва биринчи ўқишда қабул қилди, дейилади Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси матбуот хизматининг хабарида.

Янгилик билан ўртоқлашиш: