Ўзбекистонда машинасозлик ва электротехника саноати корхоналарини модернизация қилишга ҳаракат қилинмоқда

Дата: 19:24, 16-06-2014.

Тошкент. 16 июн. ЎзТАГ – Ўзбекистонда машинасозлик ва электротехника саноати корхоналарини модернизация қилишга ҳаракат қилинмоқда, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Бу тўғрисидаги маълумот Norma.uz (http://norma.uz/publish/doc/text105739.html) сайтида эълон қилинган.
Ўзбекистон ҳукумати модернизация доирасида “Оникс” ОАЖ, “Чирчиқ трансформатор заводи” ОАЖ, “БМКБ-Агромаш” ОАЖ, “ФАЙЗ” ҚК ЁАЖ ва бошқа зарар кўриб ишлаётган, иқтисодий ночор ва пастрентабелли корхоналарни молиявий иқтисодий жиҳатдан қайта тиклаш бўйича “йўл хариталари”ни тасдиқлади.
“Йўл хариталари” асосий фондлардан самарали фойдаланиш, ишлаб чиқариш жараёнларини оптималлаштириш йўли билан чиқарилаётган маҳсулотлар таннархини пасайтириш, технологик ва хом-ашё йўқотишларини қисқартириш, ёқилғи-электр ресурсларини тежаш, қувват тежовчи ва замонавий ахборот-коммуникация ускуна ва технологияларни жорий қилиш каби кўплаб чора тадбирларни кўзда тутади.
Бундан ташқари, корхоналарнинг айланма маблағлари ҳам тўлдирилади, қарздорлик миқдори қисқартирилади.
Хусусан, “Чирчиқ трансформатор заводи” ОАЖ бюджет ва давлат мақсадли фондлари олдидаги амалдаги қарздорлиги капитализация қилиш ҳақида қарор қабул қилинди. Бундан ташқари, давлат органлари ва муассасаларига “БМКБ-Агромаш” ОАЖ, “ФАЙЗ” ҚК ЁАЖ фойдаланилмаётган активларини оптималлаштириш ва молиявий мажбуриятларини реструктуризация қилишда кўмаклашиш топширилган.
2014 йилда “йўл хариталари” тадбирлари амалга оширилганидан кейин юқорида саналган корхоналарда маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми ва маҳсулот экспорти сезиларли даражада ошиши кутилмоқда.

Янгилик билан ўртоқлашиш: