Ўзбекистонда мажбурий обуна масалалари муҳокама қилинди

Дата: 14:18, 27-02-2015.

Тошкент. 27 феврал. ЎзТАГ – Ахборот технологиялари ва коммуникацияларни ривожлантириш вазирлигида мажбурий обуна масалалари муҳокама қилинди, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ) муассаса ахборот хизмати хабарига асосланган ҳолда.

Селектор режимида ўтган тадбир Республиканинг барча вилоятларини қамраб олди. Тадбирда “Ўзбекистон почтаси” АЖ, “Матбуот тарқатувчи” АК раҳбарлари, шунингдек “Халқ сўзи”, “Правда Востока”, “Миллий тикланиш”, “Қишлоқ ҳаёти”, “Маҳалла”, “Маърифат”, “Ўзбекистон овози”, “Туркистон” каби 8 босма ОАВларининг раҳбарлари қатнашдилар.

Хусусан, шу йилнинг 17 феврал куни Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси телеканалларида даврий матбуот нашрларининг обунасини ташкил этишда юзага келаётган муаммолар ҳақидаги “Мажбурий обуна” номли кўрсатув эфирга узатилган эди. Шу муносабат билан йиғилишда бу йўналиш бўйича тизимдаги вазият таҳлил остига олинди.

Мавжуд қонунчиликка мувофиқ, босма даврий нашрларни тарқатиш бевосита таҳририят томонидан, шунингдек, юридик ва жисмоний шахслар билан шартнома асосида амалга оширилиши мумкин.

Бугунги кунда бозорда даврий матбуот нашрларига обуна қилиш ва уларни етказиб бериш билан шуғулланувчи қатор йирик ва кичик тижорат фирмалари фаолият кўрсатмоқда. Бугунда уларнинг сони 60 ошиқ. Улардан йирик иккитаси – “Ўзбекистон почтаси” АЖ ва “Матбуот тарқатувчи” АК Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги тизимига киради.

“Ўзбекистон почтаси” АЖ ва “Матбуот тарқатувчи” АК аҳолига хизмат кўрсатиш сифатига салбий таъсир қилаётган камчиликлар ва омилларни бартараф қилиш бўйича чораларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишга қаратилган тегишли топшириқлар берилди. Шунингдек, юқоридаги тузилмаларга аҳолининг сифатли хизматларга эҳтиёжини қондириш, компаниялар ва ОАВ таҳририятлари ўртасида ҳамкорликни чуқурлаштириш, улар орасида оператив ахборот алмашинувини йўлга қўйиш бўйича вазифалар топширилди.

Бундан ташқари, Ўзбекистон почтаси” АЖ ҳамда “Матбуот тарқатувчи” АКнинг ходимлари малакасини мунтазам равишда ошириш чораларини кўриш, компаниялар ва таҳририятлар ўртасида тузилган шартномаларни қонунчиликда кўзда тутилган шартнома муносабатларига мувофиқ қайта кўриб чиқиш, даврий нашрларга бўлган эҳтиёжни аниқлаш юзасидан маркетинг юритиш ва мониторинг қилиш кабилар белгиланди. Яна уларга аҳоли орасида обуна кампанияларини ташкил этиш ва ўтказиш бўйича тарғибот тадбирларини ўтказиш, даврий нашрларнинг етказиб беришдаги камчиликлар юзасидан истеъмолчилар шикоятларига тезкор муносабат билдирадиган хизмат ташкил қилиш, даврий нашрларни ўз вақтида етказилишини назорат қилишни такомиллаштириш кабилар ҳам топширилди.

Йиғилишда кўрилган масалалар муҳокамаси, таклиф ва тавсиялар юзасидан йиғилишнинг тегишли қарорлари қабул қилинди, дейилади хабарда.

Янгилик билан ўртоқлашиш: