Ўзбекистонда МДҲда ноёб заводни қуриш режалаштирилмоқда

Дата: 11:41, 06-12-2017.

Тошкент. 6 декабр. ЎзТАГ – Ўзбекистонда саноат аккумуляторлари ишлаб чиқариш бўйича МДҲда ноёб заводни қуриш режалаштирилмоқда, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“Завод жаҳон саноат аккумуляторлари бозоридаги энг илғорларидан бири бўлади. Ишлаб чиқаришнинг барча босқичларини ичига олувчи лойиҳа МДҲ ҳудуди учун ноёб ҳисобланади”, - дейилади “Ўзиккиламчиранглиметалл” АЖ хабарида.

Ишлаб чиқариш Жанубий Кореянинг Unicor Co. Ltdнинг (KOREA) юқоритехнологик ускуналари билан жиҳозланади.

“Бугунги кунда кореялик ҳамкорлар билан ҳамкорлик қилиш иқтисодиётимизнинг асосий йўналишларидан бири саналади. Бунга Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ушбу мамлакатга амалга оширган давлат ташрифи ҳам яққол мисол бўлади. Ташриф доирасида кореялик ҳамкорлар билан иқтисодиёт, энергетика, молия, инвестиция, юқори технологиялар, ўзаро товар айланмаси ҳажмини ошириш, вазирлик ва идоралар ўртасида ҳамкорликни мустаҳкамлаш соҳаларида истиқболдаги режалар белгилаб олинди”, - деб таъкидланади хабарда. 

Ушбу лойиҳа самараси ўлароқ муқобил энергия, уяли алоқа, мудофаа тизимида янги ва замонавий технологиялар жорий этилиб, заҳира қувват манбалари оширилади.

Ўзбекистонда муқобил энергия манбаларидан, энг аввало қуёш энергиясидан фойдаланиш учун қулай иқлим шароитларига эга. Тармоқнинг энергетик салоҳияти 98,5% тенг. Шунинг учун ҳам ундан фойдаланиш асаласи долзарбдир. “Ўзиккиламчиранглиметалл”да саноат аккумуляторлари ишлаб чиқарилишининг йўлга қўйилиши ушбу соҳада муҳим аҳамият касб этади. 

 “Янги заводнинг қурилиши бир томондан саноат аккумуляторларига бўлган мамлакатимиздаги талабни қондирса, иккинчи томондан унинг экспортга етказиб берилишини таъминлайди”, - дейди лойиҳа менежери Беҳзод Юнусов.

 Хулоса қилиб айтганда, Ўзбекистон ҳудудида 2018 йилнинг ўрталарида саноат соҳасида муҳим аҳамият касб этадиган замонавий йирик корхона барпо этилади.

 Эслатиб ўтамизки, “Ўзиккиламчиранглиметалл” АЖ Осиёдаги рангли металлар қолдиқларини йиғиш ва қайта ишлаш бўйича ихтисослашган замонавий корхонадир. 

Янгилик билан ўртоқлашиш: