Ўзбекистонда МДҲдан келган кузатувчилар миссияси иш бошлади

Дата: 16:24, 13-03-2015.

Тошкент. 13 март. ЎзТАГ – Куни-кеча Ўзбекистонда Мустақил давлатлар ҳамдўстлигидан (МДҲ) келган кузатувчилар миссияси иш бошлади. Унга МДҲ Ижроя қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Владимир Гаркун бошчилик қилмоқда, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ) Марказий сайлов комиссияси (МСК) сайтидаги маълумотга асосланган ҳолда.

“Мамлакат президентини сайлаш муҳим сиёсий вазифа ҳисобланади”, - деб таъкидлади МДҲ Ижроя қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Владимир Гаркун МСКдаги учрашув доирасида.

Шунингдек, у “МДҲ Ижроия қўмитаси кузатувчилари миссияси бугундан бошлаб (12 мартдан – ЎзТАГ) президент сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш жараёнини кузатиб боришга киришди”, - деб таъкидлади.

В.Гаркуннинг сўзларига кўра, кузатув натижадларига доир якуний хужжат овоз беришдан кейинги куннинг ўзидаёқ тақдим этилади.

“Миссия хулосалари бизнинг ўз кузатувларимизга асосланади, умум томонидан тан олинган демократик меъёрлар, миллий қонунчилика риоя этилганликка холис баҳо берилади”, - деб қўшимча қилди у.

Эслатиб ўтамизки, МДҲ узоқ муддатли кузатувчилар миссияси Ўзбекистонга 12 мартда ташриф буюрган эди. Шу куни уларга белгиланган тартибдаги мандатлар топширилди. Ушбу хужжат кузатувчиларга сайловларига тайёргарлик ва ўтказиш бўйича барча тадбирларда қатнашиш, шунингдек, сайлов куни ва овозларни санашда ҳозир бўлиш ҳуқуқини беради.

МДҲ узоқ муддатли кузатувчилар миссияси Ўзбекистон МСК таклифига биноан 12-30 март кунлари 29 мартга белгиланган президентлик сайловларига тайёргарлик ва унинг ўтказилишини кузатади.

Яқин кунларда Шанхай ҳамкорлик ташкилоти, Бутунжаҳон сайлов органлари ассоциацияси ва Ислом ҳамкорлик ташкилоти кузатувчиларининг ҳам келиши кутилмоқда. Ҳозирга қадар МСК ЕХҲТ ДИИҲБнинг сайловларни кузатиш бўйича чекланган миссиясини рўйхатдан ўтказган.

Феврал ўртасида Ўзбекистонда расман рўйхатга олинган барча сиёсий партиялар президентликка ўз номзодларини кўрсатган эдилар. Хусусан, Ўзбекистон Либерал-демократик партияси (ЎзЛиДеП) президентликка Ислом Каримов номзодини, Ўзбекистон Халқ демократик партияси ушбу партия Марказий Кенгаши раиси Ҳотамжон Кетмонов номзодини, Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси парламентдаги партия фракцияси аъзоси, Ўзбекистон Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш миллий маркази директори Акмал Саидов номзодини, Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси мазкур сиёсий партия ижроя қўмитаси раиси Наримон Умаров номзодини кўрсатди.

Ҳозирда барча тўрт номзод сайловолди тарғиботини олиб бормоқда.

Ўзбекистонда бундан олдинги президент сайловлари 2007 йилда ўтказилган, унинг якунларига кўра Ислом Каримов 7 йил муддатга давлат раҳбари этиб сайланган эди. У мамлакатни 1989 йилдан бери бошқариб келмоқда.

Янгилик билан ўртоқлашиш: