Ўзбекистонда меҳнат мигрантлари масалалари бўйича маслаҳатчи тайинланди

Дата: 11:31, 28-08-2019.

Тошкент. 28 август. ЎзТАГ - Ўзбекистонда меҳнат мигрантлари масалалари бўйича маслаҳатчи тайинланди, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

"27 август куни Ўзбекистоннинг Қирғизистондаги элчиси Комил Рашидов ҳукумат қарори билан бош вазирнинг маслаҳатчиси – чет элда вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошираётган Ўзбекистон фуқароларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва уларни қўллаб-қувватлаш масалалари департаменти мудири этиб тайинланди", - дейилади Ташқи ишлар вазирлиги (ТИВ) матбуот хизмати хабарида.

Таъкидланганидек, К. Рашидов элчи лавозимини 2013 йилдан бери юритиб келаётганди. Бунгача у Ташқи ишлар вазирининг ўринбосари бўлиб ишлаган.

Эслатиб ўтамиз, ушбу лавозим Вазирлар Маҳкамасининг ижро этувчи тузилмасига президентнинг 2019 йил 20 августдаги 5785-сонли фармони билан киритилган.

 

Сурат манбаи: kabar.kg

Янгилик билан ўртоқлашиш: