Ўзбекистонда меҳнат мигрантларига имтиёзли кредитлар ва янги қурилаётган бинолардан квартиралар ажратилади

Дата: 17:31, 23-08-2019.

Тошкент. 23 август. ЎзТАГ – Ўзбекистонда меҳнат мигрантларига имтиёзли кредитлар ва янги қурилаётган бинолардан квартиралар ажратилади, деб хабар беради Ўзбектелеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Адлия вазирлиги маълумотларига кўра, президентнинг 2019 йил 20 августдаги "Чет элда вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошираётган Ўзбекистон Республикаси фуқароларини ва уларнинг оила аъзоларини ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги 5785-сонли фармони қабул қилинди.

"Фармонда 2020 йилда уй-жой қуриш бўйича давлат дастурларини амалга ошириш доирасида уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож бўлган меҳнат мигрантларига кўп қаватли уйлардан 3462 квартира ажратиш назарда тутилган; меҳнат мигрантлари томонидан Ўзбекистон Республикаси ҳудудида олинган кредитларни қайтаришни “Осиё инвест банк” АЖ ва Россиядаги бошқа ҳамкор-банклар орқали Россия рублида, шу жумладан, электрон тўлов тизимлари орқали амалга ошириш механизми жорий қилинади”, – дейилади хабарда.

Таъкидланганидек, 2019 йил 1 октабрдан бошлаб меҳнат мигрантларига – 1 банк куни давомида (паспорт, ариза ва меҳнат органининг илтимосномаси асосида) 2019-2020 йилларда 10% ва 2021 йилда 12% ставкада 2 млн сўм миқдорида 1 йил муддатга микроқарзлар бериш амалга оширилади.

Шунингдек, суғурта компанияларига – йилига 1 маротаба хориждаги вақтинчалик меҳнат мигрантлари ҳаёти ва соғлиғини суғурталаш бўйича суғурта мукофоти суммасини қоплаш учун ҳар бир меҳнат мигранти учун 50 минг сўм миқдорида бир марталик субсидиялар тақдим этиш амалиёти жорий этилади.

Бундан ташқари, фармонга мувофиқ ташқи меҳнат миграцияси масалалари бўйича Республика комиссияси тузилади, Вазирлар Маҳкамаси таркибида чет элда вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга оширувчи Ўзбекистон фуқароларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва уларни қўллаб-қувватлаш департаменти ташкил этилади.

"Ягона миллий меҳнат тизими" ишлаб чиқилаётган ахборот тизими доирасида 1 октябрга қадар «labor-migration» дастурий комплекси жорий этилиши таъкидланди.

"Фармонда кўзда тутилган кўп қаватли уйларда кредитлар, субсидиялар, микроқарзлар ва квартиралар «labor-migration» дастурий мажмуасида рўйхатдан ўтган меҳнат мигрантларига берилади”, - дея якунланади хабарда.

Сурат манбаи: politinform.su

Янгилик билан ўртоқлашиш: