Ўзбекистонда меҳнат муҳожирларига авиа ва темирйўл чипталари сотиб олишда махсус чегирмалар берилади
Тошкент. 7 март. ЎзТАГ – Ўзбекистонда меҳнат муҳожирларига авиа ва темирйўл чипталари сотиб олишда махсус чегирмалар берилади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Бу Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Йўловчи автотранспортида фавқулодда вазиятлар профилактикаси ва уларнинг олдини олиш, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Давлат чегарасидан ташқарига чиқадиган фуқаролар хавфсизлигини таъминлашга доир шошилинч чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори билан кўзда тутилган.
Қарорга мувофиқ, Ўзбекистон Республикасидан ташқарига йўловчи ташувчи автомобиль транспортида Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг хавфсизлигини таъминлаш бўйича Республика комиссияси тузилмоқда.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги “Ўзбекистон ҳаво йўллари” МАК ва “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти билан биргаликда хорижда иш билан таъминлаш учун Ўзбекистон Республикаси фуқароларини танлаш ва ёллашни ташкил этишда Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг марказлаштирилган буюртманомалари асосида авиация ва темир йўл транспортида ташиш учун авиа ҳамда темир йўл чипталарини имтиёзли тарифлар бўйича расмийлаштириш назарда тутилган Идоралараро битимни икки ҳафта муддатда ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш топширилди.
Бундан ташқари, “Ўзбекистон ҳаво йўллари” МАК ва “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги билан биргаликда вақтинча меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун республикадан ташқарига чиқадиган фуқаролар ўртасида эҳтиёж бўлган янги йўналишларни ташкил этиш юзасидан бир ой муддатда Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритиш ҳам топширилди. Бунда чартер қатновларни амалга оширишни ва ҳаракатдаги темир йўл таркиби сонини, шу жумладан плацкарт вагонлар улушини кўпайтириш ҳамда бюджети паст бўлган хорижий авиа ва темир йўл компанияларини жалб этишни, шу жумладан “Россия темир йўллари” ОАЖ билан ҳамкорлик қилиш масаласини кўриб чиқиш ҳам назарда тутилади.
Сурат манбаи: https://regnum.ru/news/2248849.html