Ўзбекистонда меҳнатга ҳақ тўлаш ва пенсия тайинлаш бўйича янги тизим жорий этилмоқда
Тошкент. 22 май. ЎзТАГ – Ўзбекистонда меҳнатга ҳақ тўлаш ва пенсияларни тайинлаш бўйича янги тизим жорий этилмоқда, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
"2019 йил 1 сентабрдан бошлаб энг кам иш ҳақи миқдори (ЭКИҲМ) меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори (МҲТЭКМ)га алмаштирилиб, унинг миқдори 577170 сўм этиб белгилансин, базавий ҳисоблаш 202730 сўм миқдорида, пенсия ҳисоблашнинг базавий миқдори 202730 сўм миқдорида белгилансин", - дейилади президентнинг 21 майдаги "Меҳнатга ҳақ тўлаш, пенсия ва бошқа тўловлар миқдорини аниқлаш тартибини такомиллаштириш тўғрисида"ги фармонида.
Қайд этилганидек, меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори маош, устамалар, қўшимча ҳақ, гонорарлар, қўшимча иш учун компенсация тўловлари ва рағбатлантирувчи тусдаги тўловларнинг бошқа турлари, шунингдек, қонунчиликда белгиланган ушланмалар, илгари энг кам иш ҳақига нисбатан белгиланган бошқа тўловлар миқдорини аниқлашда ҳамда оилаларнинг ижтимоий қўллаб-қувватлашга муҳтожлиги ва ишсизлик бўйича нафақалар миқдорини аниқлашда қўлланилади.
Базавий ҳисоблаш миқдори қуйидаги асосий ҳисоб-китоб қиймати, солиқлар, йиғимлар, жарималар, давлат божлари ва кўрсатилаётган давлат хизматлари учун бошқа тўловлар миқдорини, муайян тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш учун патент, лицензия ва бошқа тўловлар қийматини, ташкилотларнинг устав ва бошқа жамғармалари (капитали) миқдорини, пулсиз шаклда тўланадиган акциялар, бошқа қимматли қоғозларнинг қиймати, юридик шахслар активларининг баланс қиймати, микрокредит ва лизинг, шунингдек, бошқа молиявий-иқтисодий кўрсаткичларнинг чекланган миқдорини аниқлашда қўлланилади.
Пенсияни ҳисоблашнинг базавий миқдори пенсиялар, устамалар, қўшимча ҳақ ва компенсация тўловлари, шунингдек, ходимнинг соғлиғига етказилган зарарни қоплаш учун ишлатилади.
Шунингдек,энг кам иш ҳақига нисбатан белгиланган устамалар, қўшимча ҳақ, мукофотлар ҳамда бошқа компенсация ва рағбатлантирувчи тусдаги тўловларнинг турлари мазкур тўловларнинг сўмда ифодаланган амалдаги миқдорларини сақлаб қолган ҳолда қайта ҳисоб-китоб қилинади (агар зарур бўлса, улар яхлитланади).
Сурат манбаи: cont.ws