Ўзбекистонда меҳнатига энг кам ҳақ тўланадиган ходимларнинг ойлик маоши оширилди
Тошкент. 1 феврал. ЎзТАГ – 2019 йилнинг 1 январидан бошлаб Ўзбекистонда меҳнатга ҳақ тўлашнинг Ягона тариф сеткаси тариф коэффициентлари қайта кўриб чиқилди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Молия вазирлигидан хабар қилишларича, бу президентнинг 2018 йил 13 октябрдаги “Иш ҳақи, пенсиялар, стипендиялар ва нафақалар миқдорини ошириш тўгърисида”ги ПФ-5553-сон Фармонига мувофиқ амалга оширилди.
2019 йилнинг 1 январидан бошлаб, энг кам иш ҳақи олувчи ходимларнинг иш ҳақлари ўртача 10% оширилди. Жумладан, 1 разрядда иш ҳақи олувчи ходимларнинг (фаррошлар, қоровуллар, ишчилар ва бошқалар) иш ҳақлари 1,15 баробарга, 2 разрядда иш ҳақи олувчи ходимларнинг (енгил автомобил хайдовчилари, боғбонлар, иш юритувчилар ва бошқалар) иш ҳақлари 1,1 баробарга, 3 разрядда иш ҳақи олувчи ходимларнинг (электриклар, сантехниклар, кассирлар, лаборантлар ва бошқалар) иш ҳақлари 1,05 баробарга оширилди.
Шундай қилиб, энг кам иш ҳақи миқдорларининг оширилиши (2018 йил 15 июлдан 7%га ва 1 ноябрдан эса 10%га) ва кам иш ҳақи олиб 1 разрядда ишловчи ходимларнинг иш ҳақларини оширилиши ҳисобига энг кам иш ҳақи миқдори ўтган йилнинг январ ойига нисбатан 1,35 баробарга (1,07×1,1×1,15) оширилди.
Мисол учун, бюджет ташкилотларида 1 ставкага ишловчи фаррошнинг ойлик иш ҳақи миқдори ўтган йилнинг 1 январ ҳолатига (устама ва қўшимча тўловларни ҳисобга олмаган ҳолда) 426,5 минг сўм (172240×2,476) бўлган бўлса, 2019 йил 1 январидан эса 577 минг сўмни (202730×2,847) ташкил этди, ёки 151 минг сўмга ошди.
Молия вазирлигининг қайд этишича, энг кам иш хақи миқдорининг ва ягона тариф сеткасининг қуйи даражалари тариф коэффициентларининг оширилиши бюджет соҳасида фаолият юритаётган 370 минг ишчининг ойлик иш хақини ва шу билан бирга иқтисодиётнинг турли жабҳаларида кам иш ҳақи олиб ишловчи ишчиларнинг иш ҳақларини ошишига олиб келади.
Сурат манбаи: http://gtn.uz