Ўзбекистонда “Менинг юртим” номли янги телеканал очилди

Дата: 18:00, 13-11-2014.

Тошкент. 13 ноябр. ЎзТАГ – Куни кеча Ўзбекистонда “Менинг юртим” номли янги телеканалнинг синов тариқасидаги трансляциялари бошланди, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“Ёшларга мўлжалланган канал таъсисчилари Ёшлар маданияти ва ижодиёти маркази, “Камолот” ЁИҲ, Электрон ОАВ миллий ассоциацияси ва “Ўзбекнаво” бирлашмаси бўлди. Ушбу кунларда телеканалда техник узатиш ишлари амалга оширилмоқда. Канал Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятини қамраб олган. Телекўрсатувлар декабрда, Ўзбекистон Конституцияси кунида бошланиши кутилмоқда”, – деб таъкидлашди Электрон ОАВ миллий ассоциацияси матбуот хизматида.

Каналда ахборот, маданий-маърифий ва мусиқий-кўнгилочар дастурлар трансляция қилинади. Улар орасида “MY5-NEWS”, “Сирдошлар”, “5+5”, “Топ-дизайнер”, “Бешинчи фасл”, “Кинолайф” каби кўрсатувлар бор. Эфир дастурлар жадвалини ишлаб чиқишда асосий эътибор мамлакатнинг бой тарихи, анъана ва урф-одатлари, бутун жаҳон маданият ва санъати, илм-фанига ўзининг муносиб ҳиссасини қўшган Шарқнинг етук аллома ва олимлари ҳақида ҳикоя қилувчи ҳужжатли фильмларга қаратилди. Шу билан бирга телетомошабинлар миллий ва жаҳон кинематографларининг энг сара бадиий филмлари, телесериаллари ҳамда мултфилмларини томоша қилишлари мумкин.

“Менинг юртим” бир ойда мингта ижтимоий рекламани эфирга берувчи ягона телеузатувчи бўлади.

Янгилик билан ўртоқлашиш: