Ўзбекистонда метронинг ҳаракатланувчи таркибини ишлаб чиқариш режалаштирилмоқда

Дата: 16:52, 06-11-2017.

Тошкент. 6 ноябр. ЎзТАГ – Ўзбекистонда метронинг ҳаракатланувчи таркибини ишлаб чиқариш режалаштирилмоқда, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ) маҳаллий ОАВга асосланган ҳолда.

Бўлажак ер усти ҳалқа метро линияси ҳаракатланувчи таркиби Ўзбекистонда ишлаб чиқарилиши ҳақида Халқаро пресс-клуб йиғилишида “Ўзбекистон темир йўллари” бошқаруви раисининг ўринбосари, “Тошкент метрополитени” корхонаси бошлиғи Ойбек Худойқулов хабар қилди.

Унинг сўзларига кўра, вагонларни ишлаб чиқариш билан Тошкент йўловчи вагонларини қуриш ва таъмирлаш заводи шуғулланади. “Биз мазкур масалада Россиянинг икки заводига ташриф буюрдик. Бизда йўловчи вагонлари ишлаб чиқарувчи завод бор, биз ўз ишлаб чиқаришимизни йўлга қўямиз”, - деб таъкидлади у.

Ойбек Худойқулов пойтахт ер ости метрополитенининг эски вагонлари тўлиқ реставрация қилиниб, қайта жиҳозлангани, бу эса уларнинг яроқлилик муддати яна 15 йилга узайтирганини қўшимча қилди.

Тошкент метрополитенининг бош инженери Бахтиёр Содиқов метрода металлодетекторлар рамкаларини ўрнатиш режаси ҳақида гапирди. “Ҳозир бу рамкаларнинг қайсини сотиб олиш танланмоқда. Агар эътибор берган бўлсангиз, “Бунёдкор” станциясида рамкаларнинг бир неча турлари ўрнатилган”, - дея маълум қилди у.

Янги метро лойиҳасининг бош инженери Эдуард Кан ер усти ҳалқа линияси қурилиши олдидан “чет эл тажрибаси обдон ўрганилгани”ни хабар қилди.

“Бизнинг мутахассислар Москвага бориб, Бутово линиясидаги шундай эстакада кўринишидаги метрони ўрганишди. Тажриба ва технологиялар алмашиш бўйича Хитой мутахассислари таклиф қилинди ва ҳозирда метромиз хориж лойиҳаларидан қолишмаслиги учун жаҳоннинг замонавий технологиялари кенгайтирилган ҳолда ўрганилмоқда”, - деди у.

“Кўприкқурилиш трести” унитар корхонаси менежери Зафар Маҳаматов янги метро томонлари бўйлаб ҳаракат таркиби ҳаракатланаётганда чиқадиган шовқин даражасини пасайтирувчи 1,5 метрлик конструкция барпо этилишини маълум қилди.

Эслатиб ўтамизки, халқа метро линиясининг узунлиги 52,1 кмни ташкил этади, бундан 50,5 кмри ер устидан 6 метрлик эстакада устида ва 1,6 кмри ер бўйлаб барпо этилади. Лойиҳа 2020 йилда якунланади.

Янгилик билан ўртоқлашиш: