Ўзбекистонда мева-сабзавот маҳсулотларини олдиндан тўловсиз экспорт қилишга рухсат берилди
Тошкент. 19 октябр. ЎзТАГ – Ўзбекистонда мева-сабзавот маҳсулотларини олдиндан тўловсиз экспорт қилишга рухсат берилди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Ўзбекистон президенти “Мева-сабзавот маҳсулотларини ташқи бозорларга чиқариш самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорни имзолади.
“Юридик шахслар – мева-сабзавот маҳсулотлари экспорт қилувчилари мева-сабзавот маҳсулотлари экспортини дастлабки тўловсиз, аккредитив очмасдан, банк кафолатини расмийлаштирмасдан ҳамда экспорт шартномасини сиёсий ва тижорат хавфларидан суғурта полисисиз амалга ошириш ҳуқуқига эгадирлар”, - дейилади ҳужжат матнида.
Шунингдек, юридик шахслар – мева-сабзавот маҳсулотлари экспортидан тушумларни ўз вақтида таъминламаган мева-сабзавот маҳсулотлари экспорт қилувчилари мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт қилишда 100%лик олдиндан тўлов олиш талаблари уларга қўлланган ҳолда ноҳалол мева-сабзавот маҳсулотлари экспорт қилувчилар реестрига киритиладилар.
Тадбиркорлик субъектлари улгуржи савдо қилиш лицензиясига эга бўлмасдан мева-сабзавот маҳсулотлари экспортини амалга ошириш ҳуқуқига эгадирлар.
Қарорга мувофиқ, эндиликда экспорт қилинадиган мева-сабзавот маҳсулотлари божхона кўригидан ўтказилмайди, божхона қонун ҳужжатлари бузилиши хавфи белгилари аниқланган ҳолатлар бундан мустасно.
Бундан ташқари, мамлакатда Ўзбекистон мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт қилувчилар уюшмаси ташкил этилади.
Сурат манбаи: http://uzagroexport.uz